29 июнь куни Брюсселда Европа иттифоқи давлатлари саммити очилди. Унинг асосий мавзуси - ноқонуний иммиграция. Европага келаётган янги қочқинлар сони қисқарганига қарамай, европалик сиёсатчилар янги инқироз ҳолати бўйича муаммони принципиал ҳал этишни талаб қилмоқда. Қуйида Франция, Германия, Италия, Польша ва ЕИнинг бошқа мамлакатлари бу муаммога қандай қараётгани ҳақида фикр юритилади.
Европа иттифоқида муҳожирларнинг мақоми ва ҳуқуқлари 1990 йилда илк бор қабул қилинган ҳамда кейинчалик бир неча марта ўзгарган Дублин регламенти билан тартибга солинади. Ушбу регламентга мувофиқ, ЕИ ҳудудига келганида рўйхатдан ўтказадиган мамлакатлар муҳожирлар учун расмий жавобгарликка эга. Одатда, бу жанубий давлатлардир: Италия, Греция, Болқон мамлакатлари. Шундан сўнг улар Шенген битимидан фойдаланиб, Евроиттифоқ ҳудудида эркин ҳаракатланишлари мумкин.
Дублин регламентини қандай ўзгартириш кераклиги ҳақида қатор ғоялар, улар ҳозирги пайтда муҳокама қилинмоқда.
Мигрантларни рўйхатдан ўтган мамлакатларга қайтариш
Моҳияти. Расмий равишда ҳозир ҳар қандай давлат мигрантни рўйхатдан ўтган мамлакатга юбориш ҳуқуқига эга. Амалда бу камдан-кам ҳолларда юз беради. Биринчидан, кўпгина истиснолар мавжуд: муайян мамлакатда аллақачон жойлаштириб бўлинган оилалар аъзолари учун; рўйхатдан ўтиш мамлакатида муносиб турмуш шароитлари билан таъминланмаганлигини исботлаши мумкин бўлганлар учун (Жануби-Шарқий Европанинг бадавлат бўлмаган мамлакатларида бу қийин эмас). Иккинчидан, бу норманинг қатъий тарзда амалга оширилиши Европа ичида тўлақонли назоратни қайта тикламай туриб деярли имконсиздир.
Истисноларни камайтириш, чиқариб юборишни автоматик равишда амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Ким таклиф қилмоқда. Бундай қарор Германияда анча машҳур, айнан ўша ерга муҳожирларнинг кўпчилиги Европа чегарасида рўйхатдан ўтгандан кейин йўл олади. Бироқ, мамлакат ички ишлар вазири Хорст Зеехофер бу ғоя умумий Европа даражасида мустаҳкамлаб қўйилишини талаб қилди. Канцлер Ангела Меркелнинг фикрича, бу фақатгина иммигрантни чиқариб юбормоқчи бўлган давлат ва рўйхатдан ўтган мамлакат ўртасидаги икки томонлама музокаралар натижаси бўлиши мумкин. Мунозара Германия ҳукуматини иккига ажратиб юборишга ҳам яқин келди.
Ким қарши. Ушбу лойиҳани Европа жанубидаги чегараолди давлатларининг ўзи жуда оғриқли қабул қилмоқда. Улар муҳожирлар ўзлари учун оғир юк бўлишидан қўрқяпти.





















