Нью-Йоркдаги праймеризда 28 ёшли қиз ғалаба қозонди. АҚШда яна бир буюк сиёсатчи етишиб чиқяптими?
26 июнь куни АҚШнинг еттита штатида бирламчи партия сайловлари бўлиб ўтди, натижалар 2018 йил ноябрда конгрессга кимлар сайланишини аниқлади. Нью-Йоркнинг 14-округидан (Куинс ва Бронкс туманларини ўз ичига олади) асосий номзодга амалдаги конгрессмен, 56 ёшли демократ Жо Кроули айланди. У бу лавозимни кетма-кет ўн марта эгаллаган ва миш-мишларга кўра, келажакда вакиллар палатасида демократик фракцияни бошқариши керак эди. У сайловолди кампаниясига йирик ҳомий-компаниялардан 3 млн доллар йиғди.
Бу каби қўллаб-қувватлов ва қудратли рўйхатга эга сиёсатчини кимдир мағлуб этишига деярли ҳеч ким ишонмаганди. Бундан ташқари, унинг асосий рақибига Бронксда яшовчи 28 ёшли Александрия Окасио-Кортез айланди, у ҳатто сиёсий тажрибага ҳам эга эмасди. У сайловолди кампаниясини «майдонда» ўтказди: ўзи туман аҳолиси билан учрашди, уларга дастурлари ҳақида сўзлаб берди ва корпорациялар пулларидан бутунлай воз кечиб, кичик эҳсонлар йиғди. Шу тариқа, 300 минг долларни тўплади - Кроулига қараганда ўн баробар камроқ.
Якунда Окасио-Кортес праймеризда 58 фоиз овоз тўплаб, Кроулини 16 фоиз пунктига ортда қолдирди. Агар у конгрессга ўтадиган бўлса (бунинг эса жуда эҳтимоли баланд, сабаби унинг округида демократлар катта қўллаб-қувватловга эга), вакиллар палатасида бутун тарихдаги энг ёш аёлга айланади.
Окасио-Кортеснинг отаси кичик бизнесга эга бўлган, онаси эса Пуэрто-Рикодан келган ва фаррош ҳамда мактабда автобуси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган; қизча муниципал мактабдаги ўқишига - Йорктаунга 50 километр йўл босиб боришга мажбур бўлган. Мактабдан кейин у Бостон университетига ўқишга кириб, иқтисод ва халқаро алоқалар бўйича битирди. Окасио-Кортес ўз оиласида олий маълумотли биринчи шахсга айланди.
Кўп ўтмай қизнинг отаси саратон касаллигидан вафот этади. Окасио-Кортес онасига ёрдам бериш учун икки сменада ишлашга мажбур бўлди, - кундуз куни давлат муассасаларида, кечқурун эса официантка бўлиб. Унинг сўзларига кўра, кунига 18 соатлаб ишлаган пайти ҳам бўлган. «Мен ишчилар синфидаги америкаликларнинг оғриғини тушунаман, чунки уни ўзим бошимдан кечирдим», - дейди Окасио-Кортес.
Ўқиш пайтида Окасио-Кортес сенатор Тед Кеннедининг штабида ишлаб, иммиграция масалалари билан шуғулланди. Окасио-Кортес сайловолди кампаниясининг сайтига кўра, у болаликдан Америка жамиятидаги ижтимоий тенгсизлик ҳақида яхши билган - ҳамда инсоннинг туғилган жойи унинг тақдирини катта даражада белгилаб қўйишини тушунган.
2016 йилда Берни Сандерс сайлов кампаниясида иштирок этди ва фаоллик билан шуғулланди, хусусан, у Dakota Access нефть қувурининг туб америкаликлар ери орқали қурилишига қарши чиққан. АҚШдаги президентлик сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонгач, Окасио-Кортес янада қатъиятли ҳаракат қилиш кераклигини тушунди, - ҳамда 2017 йил май ойида ўзининг сайлов кампаниясини бошлади. Унинг фикрига кўра, конгрессмен Жо Кроули - сиёсий элитадан бўлган ўрта ёшли оқ танли эркак - сайловчиларнинг манфаатларини ифода этмайди, уларнинг ҳаётини тушунмайди, аксинча йирик корпорацияларни қўллаб-қувватлаган.
Окасио-Кортез эса, аксинча, маҳаллий мультимаданий ҳамжамият манфаатларини конгрессда ҳимоя қилишга ваъда берди. «Бу одамлар ва катта пуллар ўртасидаги қарама-қаршилик. Уларда пул бор, бизда эса - одамлар», - дейилган унинг сайловолди ролигида. Унинг тушунтиришича, Нью-Йоркда ишчи синф ҳаёти тобора қийинлашмоқда: уй-жой ва тиббиётга харажатлар ортиб бормоқда, даромадлар эса - йўқ. Окасио-Кортеснинг NowThis’га берган интервьюсида айтишича, Америка тизими ишчи синфдан бўлган одамларга - ўқитувчилар, энагалар, официанткаларга - сиёсатга кириб келиш имконини бермайди. «Бизнинг бир вакилимиз учун вақт келди», - дея хулоса қилган у сайловолди видеода.
Окасио-Кортес ўз дастурида барча америкаликлар учун бепул давлат тиббий хизмати ва олий маълумотга катта эътибор қаратди. Шунингдек, у кафолатланган иш ўринлари ва арзон уй-жой учун курашишга ваъда берди, АҚШ иммиграция полициясини тарқатишга чақирди. Сайловдан бир ҳафта аввал у ҳатто Техасга бориб, иммиграция полициясининг ноқонуний муҳожирлар оилаларини ажратиб юбориш бўйича ҳаракатларига қарши норозилик акциясида иштирок этди.
Александрия Окасио-Кортес праймеризда ғалаба қозонганига ўзи ишонмади. Овоз бериш натижалари эълон қилинган вақтда у Бронксдаги бильярд барда эди. Телевизор экранида унга берилган овозлар фоизи кўрсатилгач, у бақира бошлади, журналистнинг изоҳ бериш ҳақидаги илтимосига эса, сўз топа олмаётганини айтди. «Бу ғалаба пул хайрия қилган, менга ишда ёрдам берган, ҳам ишлаб, ҳам бола боқаётган, ҳар бир онага тегишлидир», - дея миннатдорлик билдирган у сайловчиларга.