Жаҳон | 12:52 / 20.11.2024
14833
7 дақиқада ўқилади

Пицца етказиб берувчи йигит кашф қилган зирҳли нимча

1969 йилда Детройт шаҳрида овқат етказиб бериш хизматида ишловчи йигит бир неча марта талончилар ҳужумига дуч келади. Йигитни тунамоқчи бўлганлар ҳатто ўқ ҳам узишади. Шунда йигит ўзи учун енгил материаллардан ўқ ўтказмайдиган зирҳли нимча тайёрлаб олади. Кейинчалик ана шу нимча ҳарбийлар ва полицияни қизиқтириб қолади.

Барчаси 1969 йилда бошланганди. Овқат етказиб берувчи компанияда ишловчи собиқ денгиз пиёда аскари Ричард Дэвис кўрсатилган манзилга бориб эшикни тақиллатади.

Ўша пайтларда Детройт АҚШнинг жиноятчилик энг авж олган шаҳарларидан бири эди. Шаҳарнинг аксарият ҳудудларида айниқса тунда юриш хавфли эди. Шу сабабли Ричард ҳам ёнида тўппонча олиб юрарди.

Атроф қоронғи, Дэвис мижознинг эшик очишини кутар экан, ичкаридан шовқин эшитиларди. Шунда у ҳар эҳтиётга қарши бир қўли билан белига тақиб олган тўппончасини ушлаб туради.

Эшикни очишганда Ричард қаршисида уч йигитни кўради. Улардан бири Ричардга тўппонча ўқталиб турарди. Йигитлар Ричарддан пиццани текинга олишни хоҳлашганди.

Бироқ собиқ ҳарбий ҳам бўш келмайди. Ўртада жанжал бошланади ва Ричард ҳеч нарсани ўйламасдан уларга қарата ўқ узади ва йигитларни яралайди. Бироқ рақиблар узган ўқдан ўзи ҳам бир нечта жароҳат олиб, ҳушидан кетади.

Ричард кўзини очганда ўзини касалхонада кўради. Йигит даволанар экан, жиноятчилик авж олган бу шаҳарда қандай қилиб ҳимояланиб юриш ҳақида бош қотиради.

Шунда у тирик қолишнинг бирдан бир йўли ўқ ўтмайдиган нимча тақиб юриш деган хулосага келади. Бироқ ўша пайтларда бундай нимчалар темир бўлагидан ясалар ва жуда оғир бўларди. Бундай нимчани куни билан тақиб юриш имконсиз эди.

Шу сабабли ўша пайтда оғир нимчалардан фақат ҳарбийлар фойдаланар, ҳатто ҳар куни ўлим билан юзлашадиган полициячилар ҳам уларни тақмас эди.

Ўйлаб-ўйлаб Ричард ўзи учун енгил ва тақиб юриш қулай бўлган зирҳли нимча тайёрлашга қарор қилади. У шифохонадан чиққач режасини амалга оширишга киришади.

Ричард янги зирҳли нимчани енгил ва тақиш қулай бўлиши учун металлдан эмас, матодан тайёрлашга қарор қилади. У бир қанча матоларнинг пишиқлигини синаб кўради ва кевлар матосини танлайди.

Кевларни илк бор 1964 йилда Американинг мато ишлаб чиқарувчи DuPont фирмаси ходими, кимёгар аёл Стефани Кволек ўйлаб топган. 1970-йиллар бошларида бу мато анча оммалашганди.

Ричард биринчи зирҳли нимчани қўлда ўзи тикиб, тайёрлайди. Сўнг унга тўппончадан ўқ узиб кўради. Ўқ нимча ичига кириб қолади, бироқ тешиб ўтмайди. Ричард учун бу жуда катта муваффақият эди.

У янги нимча учун патент олиб, уни катта пулга сотиши ҳам, ёки компания ташкил этиб, янги зирҳли нимчани ўзи ишлаб чиқариши ҳам мумкин эди.

Бу икки танлов қаршисида қолган Ричард кўпроқ пул ишлаш учун иккинчи йўлни танлайди ва зирҳли нимчани ўзи ишлаб чиқаришга қарор қилади.

Second Chance

Second Chance (“Иккинчи имконият”) компанияси Ричард Дэвис томонидан 1970-йиллар бошларида ташкил этилган. Аввалига компанияда Ричарднинг ўзи ишлаган.

Унинг дастлабки ишхонаси гаражда бўлган ва Ричард зирҳли нимчаларни шу ерда тикади. Кейинчалик компания кенгайгач, бошқа бинога кўчиб ўтади.

Янги зирҳли нимчани ишлаб чиқариш қийин эмасди. Асосий муаммо унга мижоз топиш эди. Ричард ўзи тайёрлаган нимчани полиция бўлимига олиб борганда унинг устидан кулишади.

Полиция бошлиғи темирдан ясалган нимча ўқни зўрға қайтараётганда матодан тайёрланган нимча ўқларни қайтаришига ишонмайди. Бошқа бўлимдагилар ҳам шундай қаршилайди.

Шундан сўнг потенциал харидорларни ишонтириш учун Ричард кўргазмали тақдимот ташкил қилади. У нимчанинг ичини лой ва тупроқ билан тўлдиради. Сўнг ўқ узади. Кевлар матоси ўқларни ушлаб қолади.

Бироқ полициячилар барибир нимчага қизиқиш билдирмайди. Улар матодан тайёрланган нимча ўқни ушлаб қолгани билан кучли зарба туфайли қовурғани синдириши ёки юракни ёриб юбориши мумкинлигини айтади.

Полициядагилар нимчани тирик одамда синаб кўриш кераклигини айтишади. Бироқ бунга улардан ҳеч ким журъат қила олмайди.

Шунда Ричарднинг олдида нимчани фақат ўзи кийиб синаб кўрсатишдан бошқа чора қолмайди ва у шундай қилади.

1972 йилда Ричард биринчи марта зирҳли нимчани ўзи кийиб синовдан ўтказади. Ричард нимчани кийгандан сўнг унга қарата 38-калибрли қуролдан ўқ отишади.

Нимча ўқларни қайтариб қолади ва улар Ричарднинг қовурғасини ҳам синдирмайди. Шунчаки зарба тушган жой озгина кўкариб чиқади холос.

Ўшанда Ричард нимча билан бир неча марта синов ўтказади ва унга жами 200 дан ортиқ ўқ узишади. Биронта ўқ унга жароҳат етказмайди. Шундан сўнг унинг нимчасини сотиб ола бошлашади.

Компаниянинг сотиб юборилиши

1998 йилда Second Chance компанияси зирҳли нимчаларни Zylon деб номланган махсус материалдан тайёрлай бошлайди. Бу материални Япониядаги бир компания етказиб берган.

Бироқ 2005 йилга келиб АҚШдаги хавфсизлик стандартига масъул бўлган Миллий адлия институти Zylon материалидан тикилган зирҳли нимчалар хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини маълум қилади.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига Second Chance компаниясидан сотиб олинган зирҳли нимчаларни бошқа хавфсиз нимчаларга алмаштиришни буюради.

Шу тариқа, Second Chance ўзининг асосий мижозларидан айрилади. Ўшанда кекса ёшга етган Ричард Дэвис чорасиз қолади ва ўзи 35 йил бошқарган компанияни 45 млн доллар эвазига Armor Holdings, Inc. компаниясига сотиб юборади.

Ричард Дэвис кашф этган зирҳли нимчаларни ҳозир Armor Holdings, Inc.  компанияси ишлаб чиқаради.

Кўп ўтмай АҚШдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга зирҳли нимчаларни Armor Holdings, Inc. компанияси етказиб бера бошлайди. Бу зирҳли нимчалар айнан Zylon материалидан тикилган эди.

Шундан сўнг Миллий адлия институти Armor Holdings, Inc. компаниясини мижозларга хавфсиз бўлмаган нимчаларни етказиб бергани учун судга беради.

Бироқ АҚШ Мудофаа вазирлигига бошқа маҳсулотлар ҳам етказиб бериш билан шуғулланган бу фирма судда ютиб чиқади.

Охир-оқибат АҚШ Адлия вазирлиги компанияга 30 млн доллар товон пули тўлашга мажбур бўлади.

Бугун бир пайтлар Ричард Дэвис ўйлаб топган зирҳли нимчалардан дунёнинг турли бурчакларида фойдаланишади. Ричард эса биринчи марта металл ишлатилмаган зирҳли нимча тайёрлаган шахс сифатида тарихда қолди.

Айтганча, келиб чиқиши эронлик бўлган америкалик таниқли режиссёр Рамин Баҳрони 2022 йилда Ричард Дэвис ҳақида ҳужжатли филм суратга олган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади. 

Мавзуга оид