Жамият | 10:20 / 01.07.2018
19614
7 дақиқада ўқилади

Профилактика инспектори учун янги уй... мактаб ҳудудида қурилиши керакми?

Шу кунларда Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги маҳаллаларда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганмоқда, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган оғриқли муаммоларни аниқлаб, имкон қадар жойида ҳал қилишга ҳаракат қилаяпти. 

Жумладан, мазкур туманнинг «Кўприкбоши» маҳалласи ҳудудидаги 18-мактаб фаолияти эътиборимизни тортди. 1987 йилда қурилган мактаб 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 841 нафар бола икки сменада таҳсил олмоқда. Бироқ 2008 йили бир маротаба жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган, холос.

Ўрганишлар чоғида мактаб ташқи деворлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, бир қисми темир панжара билан ўралган бўлса-да, бир қисми ғишт ва пахса билан кўтарилгани, 100 метрдан ортиқ жой эса нураб тушгани ёки деворлари умуман мавжуд эмаслиги аниқланди. Натижада, ҳудудга орқа томондан исталган киши, чорва жониворлари бемалол кириб-чиқаверади.

Мактабга ёндош хонадондаги «тадбиркорлар» эса таълим даргоҳи деворига тақаб товуқ катакларини, чорваси учун сомон ивитадиган, емиш тайёрлайдиган охурини қуриб олган.

Спорт залининг ечиниш ва кийиниш хоналари торлиги сабабли мебель жиҳозлари жойлаштирилмаган. Ювиниш хонаси умуман йўқлиги, вентиляция тармоғи ишламасдан бино кўркига доғ бўлиб турганига гувоҳ бўлдик. Оқибатда қишда ҳаво жуда совуб кетаётган бўлса, ёзда ҳаддан ташқари исиб кетади.

Мактаб ошхонаси гарчи ишни ташкил қилишга шароити бўлса-да, 1987 йилдан буён умуман ишламаслиги ойдинлашди. Ўрнида канцелярия товарларини сотиш жойи яратиб олингани, озиқ-овқат маҳсулотлари эса уйда қўлбола тайёрлаб, келтирилиб, ўқувчиларга сотилиши маълум бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ошхона юритиш тадбиркорларга тендер асосида берилиши керак бўлса-да, бу ишга панжа орасидан қараб келинмоқда, тендер учун таклиф ҳам берилмаган. Натижада 841 нафар тарбияланувчининг овқатланиш масаласи, уларнинг сиҳат-саломатлигига муносабат очиқ қолмоқда.

Тиббиёт хонасида ичимлик суви ўрни бўлса-да, жўмраклар ўтган асрдан буён занглаб, бузилиб ётибди. Зарур дори-дармон воситалари етишмайди. Бу нохуш ҳолатни ҳозир таътил даври ва таъмирлаш ишлари кетаётгани билан изоҳлашга уринишди. Болаларнинг ўзи йўқлиги айтилган бўлса-да, бу ерда ташкил этилган кундузги оромгоҳда қирқ нафарга яқин бола қатнаётганини назардан четга қочириш мумкинми?

Мактаб стадионини бегона ўт босиб ётибди. Майдонча чегара чизиқлари чизилмагани сабабли қаерда бошланиб, қаерда тугаши ҳам номаълум. Ҳудудда кесилган пала-партиш ўтинлар жойлаштирилган. 10 сотихдан кам бўлмаган 2та ер майдони 10 йилдан буён умуман фойдаланилмасдан, қаровсиз аҳволда ётибди. Бу ерларни чопиб, мевали дарахтлар экиш, мактаб кам-кўсти учун фойдаланиш маъмурларнинг парвойига ҳам келмаган.

Собиқ тир, яъни ўқ отиш биноси 1990 йилдан омборхона вазифасини ўтамоқда. Ичига ҳар хил ашқол-дашқоллар қалаб ташланган. Мавжуд 6та кичик қозонхонадан 2таси ишламайди, мактаб ёнидаги зовур чиқинди билан тўлиб ётибди. Мактаб кутубхонасида бадиий китоблар етишмайди. Бу ерга охирги мартда 2017 йил 30 сентябрда 221 дона китоб келтирилган.

Информатика хонасида информатика ўқитувчиси Баҳодир Юсуфжоновнинг айтишича, мактабда интернет ишлайди. Лекин у ўз ёнидан «USB» қурилмасига ҳар ойда 60 минг сўм пул ташлаб дарс ўтмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир мактаб учун вилоят халқ таълими бошқармасидан йиллик смета асосида маблағлар ажратилмоқда. Бу пуллар қайси операторга ташланаяпти, ким унинг ижросига масъул деган савол очиқ қолди. Интернет бўлмагач, компьютер дарсларининг ҳам салмоғи, унумдорлиги ва сифатида камаяди. 

Ҳудуддаги талабга жавоб бермайдиган 3та эски симёғочни темир бетон таянчларига алмаштириш зарур. Симлар ҳалқасимон бўлиб осилиб қолган, аҳоли ҳам ўз эҳтиёжига мослаб сим линияларини хонадонига тортиб кетаверган. Чунки бу ерда кичик трансформатор жойлашган-да. 

Мактаб «Ободлик» шоҳ кўчаси ёнида жойлашган бўлиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ходимлари томонидан тезликни пасайтирувчи белгилар қўйилмаган. Мактаб директори Таваккалжон Тошматов бу ҳақда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига мурожаат қилмаган. Оқибатда катта тезлик билан ҳаракатланаётган уловлар болажонлар ҳаётига жиддий хавф солмоқда. 

Кутилмаганда республика миқёсидаги муаммо чиқиб қолди. Мактаб бурчагидаги 16х21 метр жойда участка профилактика инспектори учун яшаш уйи қурилаётганини изоҳлашга тил ожиз. Ҳуқуқ посбонининг уйи ҳам битай деб қолган, пардоз-андоз ишларига навбат ҳадемай етиб келади. Мактабда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш учун маҳалла ходимлари ва профилактика инспекторига алоҳида хона ажратиш масаласи-ку кундай тушунарли. Аммо мактабнинг ҳудудидан профилактика инспекторига алоҳида уй қуриб бериш учун жой бериш амалиётига ҳуқуқий ва маънавий баҳо бериш лозим.

Мактаб директори ерни ажратиш бўйича ҳеч қандай қарорни тақдим эта олмаганидек, ҳоким розилик бермаса, бу иш бошланмаслиги ҳам рост эди. Вилоят мутасаддилари эҳтимол бунинг сабабларини жўяли тарзда изоҳлаб беришар, лекин халқ таълими вазири бундан хабардормикан? Мактаблар ҳудудларида бекор-бўш қолган ерлардан аслида мактаб эҳтиёжлари учун фойдаланиш керак эмасмиди? Бунга рухсат бериш орқали яна бошқа ижтимоий ходимларга ҳам уй керак бўлса, мактабнинг қолган бўш ерларидан ҳам оз-оздан ажратиб беравериш мумкин, деган маъно-мантиқ чиқмайдими? Бу кетишда олган олганники, от минганники бўлиб кетмайдими? Туман ҳокими ижтимоий объектлардан бошқа мақсадларда ер майдонларини ажратиш фақат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалга оширилишини билмайдими? Туман миқёсида бир неча мактабда шу тариқа ер ажратилишига йўл қўйилгани ташвишланарлидир.

Ишчи гуруҳи ўрганишларидан кейин мактаб ҳудудидаги чиқиндилар тўлиқ чиқариб ташланди, ҳожатхона таъмирланди ҳамда ариқлар тозаланди. Мактаб кутубхонасини қўшимча бадиий адабиётлар билан тўлдириш, мактаб атрофидаги ўтинларни ва мавжуд омборхонани тозалаш, қўлбола усулда озиқ-овқат маҳсулотлари ва канцелярия товарларини сотишга чек қўйиш, ўқув синфхоналаридаги айрим бузилган стулларни таъмирлаш, мактаб стадионидаги ўтларни тозалаш, чегара чизиқларини чизиш, тиббиёт хонасини зарур дори-дармонлар билан таъминлаш, мактаб атрофининг очиқ қолган жойларини девор билан ўраш, мавжудларини таъмирлаш, ёнғин хавфсизлиги учун мўлжалланган ҳовузда кран жўмракларини ишлатиш чоралари кўрилди. Қўшни хонадонлар томонидан қуриб олинган ноқонуний товуқ катаклари ва охурлар бузиб ташланди, шоҳ кўчада пиёдалар ўтиш чизиғи бўялди. Аниқланган бошқа камчиликларни ҳал қилиш «Йўл харитаси»га киритилди.

Лазиз РАҲМАТОВ,

журналист

Мавзуга оид