Тошкентда гиёҳванд воситалари савдоси билан шуғулланган шахсга ҳамда бу борада унга ёрдамлашган профилактика инспекторига ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1995 йилда туғилган, Андижон шаҳрида яшовчи Ш.А. гиёҳванд воситаларини бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш билан шуғалланиб келган. У Telegram’даги гиёҳванд моддалар онлайн савдоси билан шуғулланадиган канал эгасидан топшириқларни олиб турган. Ш.А. асосан Россия давлатидан турли маиший техникалар ичига беркитилган ҳолда жўнатилган гиёҳванд воситаларини яширилган ёки жўнатилган манзилидан олиб, бошқа жойга етказиб берган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортмаслик ҳамда шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғишда ёрдамлашиш учун эса Андижон туман ИИО ФМБ ХПБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган, 1991 йилда туғилган И.Т. билан жиноий тил бириктирган.
Жумладан, Ш.А. 2024 йил 29 феврал куни Россиядан Ўзбекистонга иссиқлик печи ичига яширилган ҳолда жўнатилган кўп миқдордаги гиёҳванд воситасини қабул қилиб олган. Сўнгра Telegram’да гиёҳванд моддалар онлайн савдоси билан шуғулланадиган канал эгаси билан алоқани узган З.Ю. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган ёки ушланмаганини билиш учун И.Т.га сўровнома жўнатган. Профилактика инспектори орқали З.Ю.нинг шахсга доир маълумотларини йиғиб, улардан фойдаланган.
2024 йил 5 март куни соат 17:00 да Ш.А. номаълум шахс томонидан Россиядан Ўзбекистонга контрабанда йўли орқали олиб келинган 4 дона елим идиш ичидаги 356,7 грамм мефедрон моддасини Янгиҳаёт тумани ҳудудида қабул қилаётган пайти тезкор тадбирда ушланган. Тезкор тадбир давомида Ш.А. вақтинчалик яшаётган Яшнобод тумани Элбек кўчасидаги хонадонда келгусида сотиш мақсадида гиёҳванд воситалари сақлаб келаётгани аниқланган.
Профилактика инспектори И.Т. судда айбига қисман иқрорлик билдирган.
“Ш.А. билан Андижон шаҳридаги фитнес клубида танишганман. У тез кунда Андижон вилоятига кўп миқдордаги психотроп моддалар жўнатилиши ҳақида маълумот борлигини, хоҳласа айтишини, уларни жиноят устида қўлга олишим мумкинлигини билдирганди. Унинг бу таклифига рози бўлиб, агар ҳақиқатан ҳам маълумотлари ишончли бўладиган бўлса, бу ҳақда ИИБ бошлиғига билдирги билан мурожаат қилиб, тезкор тадбир ўтказишим мумкинлигини айтганман.
Ш.А. гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишини, шу моддаларнинг сотилишида иштирокчи экани ҳақида умуман гапирмаган. Дастлаб тадбир ҳақида айтганида унга агар бу нарсаларнинг ичида ўзинг ҳам бўладиган бўлсанг, сени ҳам қамашга мажбур бўламан, деганман.






