Жамият | 15:35 / 02.07.2018
21046
4 дақиқада ўқилади

Бекобод МИБ шоликор дардини эшитди – муаммо ҳал бўлди

KUN.UZ сайтига Тошкент вилояти Бекобод туманида фаолият юритувчи фермер хўжалигидан мурожаат келиб тушди. Унда давлат раҳбарининг фермерлар қарздорлигини 3 йилга музлатиш тўғрисидаги фармонига қарамай, туман МИБ фермердан 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра мавжуд бўлган 30 млн сўмдан ортиқ маблағни тўлашни талаб қилиш чоғида ноқонуний ишларни амалга оширгани иддао этилган эди. Фермер хўжалиги раҳбарининг сўзларига кўра, агар зудлик билан аниқ чоралар кўрилмаса, бу йилги шоли ҳосили нест-нобуд бўлиши мумкин.

Сайёр гуруҳимиз билан ушбу туманга бордик ва даставвал “Абу Фотиҳ Агро” фермер хўжалиги раҳбари Мирзабаҳодир Абдукаримов билан биргаликда вазиятни ўргандик. 

“Шолипояга сув қўйишимиз керак, аммо МИБ ходими насосни ишлатиш учун зарур бўлган катушкани ҳеч бир ҳужжатни расмийлаштирмасдан, ўтган йилги қарздорлигимизни ундириш мақсадида олиб кетди. 30 млн сўмлик қарздорликни тўласанг, катушкани оласан, деди. Мана кўриб турибсиз, шолиларга сув қўйишимиз керак, аммо 5 кундирки, бундай қила олмаяпмиз. Агар шу ҳолда яна 5 кун турса, шоли ҳосилини йўқотамиз”, - дейди М.Абдукаримов. 

Биз шоли майдонларини айланар эканмиз, униб чиққанларидан ташқари, сув тўхтаб қолгани боис, унмаган майдонларга ҳам кўзимиз тушди. 

“Ахир бу ерга 8 тонна уруғлик сепилди. Ишчиларимиз бор. Қолаверса, бу йил биринчи маротаба “Оҳангарон Дон” АЖ билан давлат эҳтиёжлари учун шартнома имзолаб, 33 тонна шоли етказиб беришимиз керак. Лекин ҳосил тақдири номаълум бўлиб турганидан кейин шунча харажат ортидан куз келганда ишчиларимизга нима беришни ҳам билолмай турибмиз”- деди Мирзобаҳодир ака. 

Маълум бўлишича, МИБ ходими фермер хўжалигининг 2017 йилдаги қарздорлигини ундириш мақсадида кескин йўл тутиб, униши учун сув қўйилиши жуда зарур бўлишига қарамай, насос катушкасини олиб кетган. Бироқ бу ҳолатни қонуний ҳужжатлаштирмаган. Қолаверса, Президентнинг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574-сонли қарорининг 3-бандида фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги қарздорлиги 3 йил муддатга музлатилганини инобатга олмаган. 

Туман электр тармоқлари бўлими эса, МИБга тақдим этган ҳужжатида фермер хўжалигининг қарздорлигини мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда пенясиз қайта ҳисобламаган. Бунинг сабабини суриштирганимизда шоли етиштирувчи фермерларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 1144-сонли қарорига мувофиқ субсидиялар ажратилиши назарда тутилмагани билан изоҳлашди. Ваҳоланки, Президент қарорида пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳақида сўз боради. 

Унда бошоқли дон сўзига алоҳида изоҳ берилмагани қуйи бошқарув бўғинларида тушунмовчилик келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Улар бошоқли дон деганда фақат буғдой кўзда тутилишини таъкидлашмоқда. Биз “бошоқли дон” иборасига изоҳ сўраб Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига мурожаат қилганимизда, гарчи шоли бошоқли донлар туркумига кирса-да, нима учундир шоли етиштирувчилар давлат субсидияси рўйхатига киритилмаганини билдиришди. 

Биз муаммо бўйича изоҳ олиш мақсадида Бекобод туман МИБ бошлиғи Абдурасул Маҳкамов билан учрашдик. 

А.Маҳкамов муаммонинг моҳиятини англаганидан сўнг, фермер қарздорлигини ундириш бўйича ходимлар томонидан англашилмовчиликка йўл қўйилганини қайд этар экан, масалани жойида ҳал қилиш чорасини кўришини билдирди. “Бу ерда биринчи галда ҳосил тақдирини ўйлашимиз керак. Экилган шоли нест-нобуд бўлмасдан униб чиқиши учун сув жуда зарур бўлгани сабабли насос ишлайди. Бунинг чораси кўрилади”, - деди Абдурасул ака. 

Биз Бекободни тарк этишга улгурмасданоқ, туман МИБ бошлиғи амалий чора кўриб, насосга электр токини узатишда зарур бўлган ускуна олиб келиб ўрнатилгани ҳақида мурожаатчилар маълум қилди. 

Мавзуга оид