Ўзбекистон | 16:57 / 02.07.2018
31249
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда саратонга чалинган беморлар сони қанча эканини биласизми?

Фото: Getty Images

Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда 100 мингдан зиёд бемор онкологик касалликлар бўйича рўйхатда туради. KUN.UZ мухбири 2 июль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзбекистонда онкология хизматининг ҳолати: онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, ташхислаш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, замонавий диагностика ва даволаш аппаратлари билан таъминлаш ҳолати ва истиқболлар" мавзусидаги матбуот анжуманида берилган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, онкологик касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан,  Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан зиёд бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради.

Онкологик касалликлар ичида сут бези саратони етакчилик қилади. Кейинги ўринларда меъда, бачадон бўйи ва ўпка саратони қайд этилади.

Шуни афсус билан таъкидлаш жоизки, 50 фоиздан ортиқ ҳолатларда ушбу касаллик кечки, яъни учинчи ва тўртинчи босқичларда аниқланмоқда, бунда эса уларни тўлақонли даволаш мушкул бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада ўз ечимини кутаётган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда дастурил амал бўлмоқда. Қарорда белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятлардаги 15 та онкология диспансери Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалларига айлантирилди. Онкология муассасалари реконструкция ва модернизация қилинди, онкологик касалликлар диагностикаси ва даволашнинг замонавий стандартлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Шунингдек онкология билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Саратон профилактикаси маркази ташкил этилди, кўкрак бези ва бўйин саратони скрининг тадқиқотлари бошлаб юборилди. Аҳоли ўртасида онкологик жиҳатдан хабардорликни ошириш мақсадида махсус гуруҳлар тузилиб, улар томонидан мунтазам равишда чиқишлар ташкил қилинмоқда.

Сут бези саратони скринингини ўтказиш учун 13 та мобил ва 16 та стационар маммографик ускуналар харид қилинмоқда. Бундан ташқари, Фарғона вилоятида тажриба тариқасида қизилўнгач, меъда ва колоректал саратон бўйича скрининг тадқиқотларини ўтказиш режалаштирилган.

Мавзуга оид