Жаҳон | 10:31 / 04.07.2018
19659
3 дақиқада ўқилади

Путиннинг санкцияга тушган дўсти самолётини сотишга мажбур бўлди

Фото: REUTERS

Россия президентининг дўстларидан бири, миллиардер Геннадий Тимченко шахсий самолётини сотиб юборди. Бу ҳақда брокер ва авиация реестри маълумотларига таяниб, “Рейтер” агентлиги хабар берди. Тимченко АҚШнинг санкциялар рўйхатига тушганидан сўнг, самолётдан фойдаланиш имконсиз бўлиб қолгани учун бизнес-жетдан воз кечишга мажбур бўлган.

Люксембург авиация реестри маълумотларига кўра, самолёт Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РФПИ) ихтиёрига ўтган.

РФПИ “Рейтер”нинг самолёт хариди ҳақидаги саволига жавоб бермаган. Тимченконинг вакили эса бизнесмен ва унга тегишли компаниялар “бир неча йилдан бери мазкур самолётга алоқадор эмаслигини” айтган.

Путин нефть савдоси орқали бойиган Тимченкони ўзининг яқин дўстларидан бири деб атаган. Ҳужжатларга қараганда, бизнесмен Gulfstream G650 самолётини 2013 йилда сотиб олган. Бу самолётнинг нархи одатда 60 миллион доллардан бошланади.

2014 йил апрелда Россия Қримни аннексия қилишига жавобан АҚШ Тимченкони санкциялар рўйхатига киритганди. Ўшанда АҚШ молия вазирлиги Тимченкони Путинга яқин шахслардан бири деб атаганди.

Бизнесмен 2014 йилда ТАССга берган интервьюсида Американинг Gulfstream Aerospace Corporation компанияси самолётга хизмат кўрсатиш бўйича шартномани бекор қилганини маълум қилганди.

“Менга тегишли Gulfstream’дан фойдаланиб бўлмайди, чунки компания уни эҳтиёт қисмлар билан таъминлашни тўхтатди, учувчилар навигация, хариталардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслар”, - деганди Тимченко.

Ўшандан буён Тимченконинг самолёти икки марта турли мамлакатлар ҳаво кемалари реестрига киритилган.

2018 йил июнда Люксембург ҳаво кемалари реестрида самолётнинг янги эгаси – Кипрда рўйхатдан ўтган Amerivo Holdings Limited компанияси пайдо бўлди. Ҳужжатларга кўра, бу компания РФПИнинг 100 фоиз шўъба корхонаси ҳисобланади.

Монакодаги Boutsen Aviation брокерлик компаниясининг ижрочи вице президенти Матье Пезеннинг “Рейтер”га айтишича, унинг компанияси ўтган йили G650ни сотиш учун ёлланган.

Пезеннинг сўзларига кўра, ўша пайтда самолётнинг эгаси Тимченко эмас, балки 2016 йил ўрталарида ундан самолётни сотиб олган россиялик бизнесмен бўлган. Брокер бизнесменнинг исмини маълум қилмаган.

2016 йил сентябрида самолёт 50 миллион долларга баҳоланган.

Boutsen Aviation вице-президентининг айтишича, самолёт 2018 йил март ёки апрелида унинг компанияси иштирокисиз сотилган.

Gulfstream сайтида ёзилишича, G650 самолётидаги чарм ўриндиқлар қўл меҳнати ёрдамида тайёрланган,  у конвекцион печка ва музлатгич, биллур идишлар учун шкаф ва шахсий каюта билан жиҳозланган.

АҚШ санкциялар рўйхатига тушган россиялик яна бир миллиардер Олег Дерипаска 2018 йил баҳорида ижарага олган учта хусусий самолётни қайтариб берган. Дерипаска қора рўйхатга тушгани сабабли у бу самолётлардан фойдалана олмаслиги ҳақида Рейтерга уларни ижарага берган компания маълум қилган.

Мавзуга оид