Республика ишчи гуруҳи Наманган вилояти, Норин туманидаги «Сузоқовул» маҳалла фуқаролар йиғини, Бўстон кўчаси 6-уйда яшовчи Шамсиддин Бадалов хонадонига кириб борганида эҳтиёжманд оилага ишлатилмаган газ учун 1 миллион 414 минг 318 сўмлик қарздорлик вужудга келганидан ёзғириб қолишди.

Аввало, биринчи талабнома 2017 йил июлда Норин тумани МИБ бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси Т.Т.Дадамирзаев номидан келади. Унда абонент Шамсиддин Бадалов талабномани 5 кун ичида бажармаса, истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирилади. 2014 йил 12 мартда узиб қўйилган газнинг мантиқий жиҳатдан қайта узилишини тушуниш қийин. Ўша куни тузилган далолатномага кўра, қарздорлик миқдори 110 минг сўм деб қайд этилган. Айнан ушбу далолатнома оиланинг газ тармоғидан узилишига асос қилиб кўрсатилган.

Ваҳоланки, оила газ назоратчиларига тўлаган қатор тўлови туман газ идораси назоратчилари томонидан компьютерга киритилмаган, демакка кирим қилинмаган.

Албатта, уч йил ичида 110 минг сўм пеняси ўн баробардан ортиқ туғмаслигига оиланинг оддий аъзолари ақли етиб қолди ва туман газ идорасига боради.

— Бошлиғига кирдим. «Нега МИБга нотўғри маълумот бердингизлар, ахир барча тўловларни вақтида қилиб борсак, 3 йилдан буён газнинг ўзи бўлмаса, қандай қилиб 110 минг сўм бунча ўсиб кетди, дея сўрадим, — дейди оиланинг келини Гулбаҳор Мирзаева эмизикли боласини қўлига кўтарганича. — «Мен яқинда келганман, аввалги бошлиқлардан бориб сўранглар. Компьютердан нима чиққан бўлса, шуни тўлаб қўйинглар», деди.

Тўғри, ўшанда маблағ йўқлиги сабабли тўлай олмаганимиз рост. Лекин компьютердан тўловлар жадвалини кўрсам миллион сўмлик қарздорлик ўшандаёқ шаклланиб улгурган, бу ҳақда негадир бизга айтишмаган экан. Бу миллионлар қаердан келди. Нега бундан бизнинг хабаримиз йўқ. Нега бу далолатномада ўз аксини топмади. Мана квитанцияларимизни ўзингиз бир кўринг, Қувонч ва Дилшод деган газ назоратчиларига қилган тўловларимиз кирим қилинмаган. 2013 йилда 270 минг сўм тўлаганимиз, ўрнига 65 минг сўм жадвалда акс этган. Бошқа йилларда ҳам шундай фарқлар келиб чиқаяпти.

— Оилада тўққиз жонмиз, — дея гапга қўшилади оиладаги катта ўғил Ҳусниддин Бадалов. — Имконсизлик сабабли ҳали дарвозамиз ҳам йўқ. Ошқозоним оғриб, анча касалманд бўлиб қолдим. Касаба уюшмасидагилар барака топишсин, икки хонали уйимиз, айвонимиз ва уй фасадини таъмирлаб беришди. МИБнинг 2018 йил 11 июнда юборган қайта талабномаси бизни тамоман гангитиб қўйди. Емаган сомсага пул тўлаш жуда алам қилади. Алишер деган йигит келиб биз МИБданмиз, агар тўловни вақтида қилмасангиз, электрни ҳам узамиз дейишди. Ахир электрдан қарздорлигимиз йўқ, уни ошиқчаси билан тўлаб қўйган бўлсак. Қўрқдик, қўшнилардан қарз-ҳавола қилиб, 18 июнда 740 минг сўм ишлатилмаган газ учун ҳақ тўлаб келдик. Илтимос, ёрдам беринглар, жуда қийналиб қолдик.