Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев олий ўқув юртларида тўлов-контракт суммасини пасайтириш ғоясини илгари суришмоқда. Депутатларнинг баёноти Расул Кушербаевнинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган.

«Тўлов-контракт миқдорининг оширилганлиги тўғри(ми)?» деб сарлавҳа қўйилган мулоҳазада қуйидагича фикрлар билдирилган:

Йиллар давомида ҳар йили ошириб келинаётган олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлов миқдори 2017/2018 ўқув йилида оширилмаганлиги барча тўлов контракт асосида ўқиётган талабалар ва уларнинг ота-оналари учун катта ёрдам бўлган эди. Бироқ ҳар йили иш ҳақи ва стипендияларнинг ортиб боришини инобатга олганда, бундай ҳолатнинг ҳар йили давом этмаслиги кундай равшан эди.

Чунки даромадларнинг ўзгармагани ҳолда харажатларнинг доимий равишда ортиб бориши бозор иқтисодиёти шароитида узоқ давом этмайди. Умуман айтганда, тўлов-контракт миқдорларининг ҳозир эълон қилинганидан ҳам кўра анча юқори фоизларга орттирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни илгарироқ эшитгандик. Шунинг учун, ўқувчилар жудаям қизғин кутиб олган, интернет сайтлари ҳамда газеталарда эълон қилинган тўлов контракт миқдорларини камайтириш ҳақидаги таклифлар юқори ташкилотларга юборилган эди. Бироқ, минг афсуски, ушбу таклифларга тегишли мутасаддилар томонидан ҳозиргача ҳеч қандай муносабат ёки жавоб берилгани йўқ.

Мазкур таклиф харажатларни камайтириш, талабанинг қўлга киритилган балига қараб табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини белгилаш ҳамда тайинланган стипендия миқдори ҳисобидан чегирма белгилаш орқали тўлов-контракт миқдорларининг камайтириш ва тўлашда қулайлик яратишдан иборат эди.

Билдирилаётган бу таклиф тўлов контракт миқдорининг ҳозирги оширилган шароитида ҳам талаба ва уларнинг ота-оналари учун анчагина қулайликлар яратар эди.

Таклифларни асослашга ўтсак.

Маълумки, 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 69200 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 17654 нафар ва тўлов-контракт асосида – 51546 нафарни ташкил этади. Бошқача айтганда, 17654 нафар талаба давлат бюджети асосида таълим оладиган бўлса, улардан атиги бир неча балл камроқ балл олган талабалар эса тўрт йил давомида контракт тўлаши шарт. Устига устак, тўлов-контракт миқдорининг ҳар йили ошириб борилишини ҳам унутмаслик керак. Бундан ташқари, талаба ёки унинг ота-онаси томонидан 6 ой олдин тўланган тўлов-контракт миқдори ҳисобидан ҳар ой, жумладан, таътил ойларига ҳам стипендия тўланиб келинмоқда.