Жамият | 22:18 / 12.07.2018
10572
3 дақиқада ўқилади

Суд автотранспорт воситасига оид жиноятга ажрим чиқарди

2018 йилнинг 11 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қибрай туман судида очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлиси Х.Халиковнинг раислигида олиб борилди.Судланувчи Умаров Иброҳимбек Шовкат ўғлига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, судланувчи И.Умаров 2018 йил 24 апрель куни соат 23:00ларда акаси Умаров Баҳром Шовкатовичга тегишли “Спарк” русумли давлат рақам белгиси 01 В 231 ТА бўлган автомашинасини ишончнома асосида соатига 60-70 км. тезликда бошқариб, Тошкент шаҳри томондан Қибрай тумани йўналиши бўйича Тошкент Давлат аграр университетининг чорраҳаси томон ҳаракатланиб келиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 3-қисми ва 110-бандида кўрсатилган талабларни бузиб, ўзининг жиноий бепарволиги оқибатида йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган пиёда Джалилов Ахмад Эргашевични автомашинасини олди қисми билан уриб юборган. Натижада пиёда А.Э.Джалилов олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.  

Судланувчи И.Ш.Умаров суд мажлисида ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймондалиги, содир этилган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар билан бирон-бир тазйиқсиз ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.

Суд шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этган И.Умаровга нисбатан жиноят иши, у жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар билан ярашганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасига (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш)  асосан жиноят иши тугатилди ва ажрим чиқарилди.

Ажримдан норози тарафлар ўн сутка ичида, шу туман суди орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига хусусий шикоят беришлари ёки хусусий протест келтиришлари мумкин.

Мавзуга оид