Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг (ҳозирги Қуролли Кучлар академияси) ташкил этилганига 100 йил тўлиши (1918 йил 12 июлда ташкил топган) муносабати билан 11 июль куни “Олий ҳарбий таълим муассасасининг Қуролли Кучлар ва Ватан ҳимояси учун офицер кадрлар тайёрлашдаги тарихий ҳиссаси” мавзуида халқаро ҳарбий-илмий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларда истиқомат қилувчи билим юртининг битирувчи-фахрийлари, Ўзбекистондаги хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.





Мудофаа вазири А. Азизов халқаро анжуман иштирокчиларини ҳамда фахрий меҳмонларни билим юрти тарихидаги муҳим сана билан чин дилдан муборакбод этди.
«Ушбу даргоҳни битирган командирлар 1941 йилда Москва яқинида бўлган курашда улкан жасорат қўрсатган, Курск, Днепр учун бўлган жангларда, шунингдек, Шарқий Европа мамлакатларини озод этишда улкан қаҳрамонликни намоён этган. Бугун Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг100 йиллигига бағишланган анжуманда иштирок этаётганимдан хурсандман», — дея таъкидлаб ўтди мудофаа вазири ўз нутқида.



























