Ўзбекистон | 20:34 / 13.07.2018
8940
2 дақиқада ўқилади

Имом ал Бухорий ҳақидаги ҳужжатли фильм Туркия телеканалида намойиш этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати томонидан тайёрланган Имом ал Бухорий ҳақидаги ҳужжатли фильм Туркиянинг TRT Avaz халқаро телеканалида намойиш этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда телеканал Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Ҳужжатли фильмда буюк муҳаддис, ватандошимиз Имом ал Бухорий ҳаёти ҳақида сўз боради. Унинг сиймосини авлодлар тасаввурида янада улуғлаш, жаҳон тан олган уламонинг илмини кенг миқёсда ўрганиш бугунги куннинг долзарб мавзуларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ ассамблеясида сўзлаган нутқида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда халқаро илмий марказ қурилиши бўйича топшириқ берилган эди. Шу муносабат билан мажмуага туташ ҳудуддан 5,8 гектар ер майдони очилиб, илмий марказ ҳамда марказ қаршисида 3 та уч қаватли турар-жой қурилиши учун ажратиб берилди.

Халқаро илмий марказ қурилишининг умумий лойиҳа қиймати 122 млрд. сўмни ташкил этади.

Президентнинг жорий йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириғи ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган мажлис баёни билан Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳа-таклифи ва Хартанг қишлоғининг бош режа-лойиҳаси маъқулланганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш