Спорт | 22:00 / 15.07.2018
69800
2 дақиқада ўқилади

Франция - жаҳон чемпиони!

Фото: FIFA

2018 йилги жаҳон чемпионати финал учрашуви Франция ва Хорватия ўртасида бўлиб ўтди. Москвадаги «Лужники» стадионида кечган учрашув французларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Французлар 18-дақиқада хорватлар ҳужумчиси Марио Манжукич ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйиши эвазига олдинга чиқиб олди. 10 дақиқа ўтиб Иван Перишичнинг голи мувозанатни тиклади. Танаффус арафасида Антуан Гризманн пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди.

Иккинчи бўлим бошида французлар тўла устунликка эга бўлишди ва Поль Погба ҳамда Килиан Мбаппе ҳисобни йирик кўринишга келтиришди. Қолган вақт давомида хорватлар битта жавоб голи уришди, Марио Манжукич 69-дақиқада Льориснинг хатосидан фойдаланди - 4:2.

Шу тариқа, Дидье Дешам бошчилигидаги Франция икки карра жаҳон чемпионига айланди. 1998 йили Франция ўз майдонида кечган мундиалда ҳам тенгсиз бўлганди.

ЖЧ-2018
Финал
Франция – Хорватия 4:2

Голлар: 1:0 – 18, автогол Манжукич, 1:1 – 28 Перишич, 2:1 – 38, пенальти Гризманн, 3:1 – 59 Погба, 4:1 – 65 Мбаппе, 4:2 – 69 Манжукич.
Франция – Льорис, Варан, Люка Эрнандес, Павар, Умтити, Канте (Нзонзи, 55), Погба, Матюиди (Толиссо, 73), Гризманн, Жиру (Фекир, 81), Мбаппе.
Хорватия – Субашич, Ловрен, Стринич (Пьяца, 81), Врсалько, Вида, Ракитич, Брозович, Перишич, Модрич, Ребич (Крамарич, 71), Манжукич.
Огоҳлантиришлар: Канте (27), Люка Эрнандес (41), Врсалько (90).

Мавзуга оид