Жаҳон | 21:06 / 15.07.2018
22189
2 дақиқада ўқилади

Туркия нега президентлик бошқарув шаклига ўтди?

Туркияда қонун чиқарувчи орган фаолияти ижро аппаратидан мустақил бўлиши таъминланмоқда. Шу мазмундаги баёнот билан чиққан Туркия Матбуот ва ахборот бош дирекцияси директори Меҳмет Акаржа мамлакатда жорий этилган янги бошқарув шаклига муносабат билдирди. Бу ҳақда 15 июль воқеаларига бағишланган пресс-тур давомида ташкил этилган анжуманда иштирок этаётган Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

"Туркияда парламентар бошқарув шакли амалда бўлган даврда, парламент депутатларнинг таклиф қилиб, кўтариб чиққан лойиҳалари эмас, балки ҳукумат истаган қонун лойиҳаларни қабул қиларди. Негаки, барча ҳукумат аъзолари айни пайтда депутат ҳамда парламентда кўпчиликни ташкил этган фракция аъзолари бўлишган. 

Бу ҳолатда ҳукумат ўзи истаган қонун лойиҳасини депутатлар муҳокамасига киритиб, сўнгра уларни қабул қилишга эришган. Умуман олиб қараганда, қонун чиқарувчи орган ва ижро этувчи аппарат Туркияда шу кунга қадар ҳеч қачон бир-бирида алоҳида фаолият кўрсатмаган. 

Туркия сиёсий ҳаётида жорий этилган президентлик бошқарув шакли даврида тузилган ҳукуматнинг янги таркибида депутат бўлмаган мутахассислар фаолият бошлади ёки депутатлик мақомини топшириб, иш бошлаган вазирлар ҳам бор", дейди Меҳмет Акаржа. 

Маълумот учун, 2018 йил бўлиб ўтган сайловларда Туркия президентлик бошқарув шаклига ўтиб, амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййип Эрдўған ваколатларини сақлаб қолди.

Мавзуга оид