Путин Хельсинкига келди. Трамп ҳам шу ерда
Россия президенти Владимир Путиннинг самолёти Финляндия пойтахти Хельсинкига қўнди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, самолёт белгиланганидан бир ярим соат кечикиб аэропортга келган.
Оқ уй томонидан эълон қилинган графикка кўра, Путин ва Трамп Тошкент вақти билан соат 15:20да яккама-якка учрашиши керак эди. Учрашув 3 соат давом этиши белгиланган.
Учрашув давомида томонлар иқтисодий ва сиёсий масалаларни, Сурия ва Украинадаги низоларни ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Хельсинкига кун бошида келган ва Финляндия президенти Саули Ниинистё билан учрашишга улгурган.
16 июль куни Хельсинкида Россия ва АҚШ раҳбарлари иштирокида саммит ўтказилади. ОАВ бу саммитни «тарихий саммит», деб атаган.
Бунгача икки сиёсатчи икки марта учрашган, бири 2017 йил июлида Ҳамбургда «Катта йигирматалик» саммити доирасида, иккинчиси ўтган йил ноябрида Вьетнамнинг Дананг шаҳрида ўтказилган саммитда рўй берганди.
Умуман олганда, бу учрашувдан кескин қарорлар кутилмаяпти. Аммо бу учрашув икки томон муносабатлари яна илиқлаша бошлашига хизмат қилиши мумкин.
Кремлдагилар Трамп ўртага ташлайдиган ҳар қандай масалани муҳокама қилишга тайёрликларини билдиришган.
Путин ва Трамп нимани муҳокама қилади?
Сурия
Тахмин: Апрель ойида АҚШ, Буюк Британия ва Франция Башар Асад ҳарбийларига ҳужум уюштиришганди. Ғарб давлатлари ўшанда Сурия ҳукуматини тинч аҳолига кимёвий ҳужум ишлатишда айблаганди. Бир неча кун ўтиб Дональд Трамп Суриядан америкалик ҳарбийларни «имкон қадар тез» олиб чиқишни исташи, ҳудуддаги мамлакатлар ўз тақдирини ўзлари ҳал қилишлари кераклигини айтганди.
АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтоннинг Москвага июнь ойи охиридаги ташрифи арафасида (Хельсинкидаги учрашув бўйича шу ташриф давомида келишилганди) Сурия ҳукумати кучлари Россия авиацияси кўмагида мамлакат жанубига кенг кўламли ҳужум бошлади. Американинг Иорданиядаги элчихонаси шу муносабат билан Асад армиясига қарши курашаётган кучлар АҚШдан ёрдам кутиши керак эмаслигидан огоҳлантирди.
Бу эса Трамп маъмурияти Россияга ён бераётганини кўрсатарди. Вашингтондаги асосан Яқин Шарқ мавзусини ёритадиган Al-Monitor нашри Давлат департаментида Сурия масаласига жавоб берувчи ва Асадга қарши курашни фаол қўллаб-қувватловчи Жоэл Рейберн истеъфога чиқиш кутилаётганини ёзиб чиқди.
Муаммолар. АҚШ президентида Сурия масаласида муайян стратегия йўқлиги янгилик эмас. Аммо шу вақтга қадар ҳам расмий Москва бу борада олдинга силжишларга эришмаган.
Ким нима демоқда? Америкадаги нашрларнинг барчаси икки президент учрашувидаги асосий мавзу - Сурия бўлишини, аммо бундан ҳеч бир иш чиқмаслигини ёзмоқда.
Мавзуга оид
11:10 / 04.11.2024
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
11:20 / 30.10.2024
ОАВ: Путиннинг соқчилари тасодифан унинг ҳаракатланишини ошкор қилиб қўйди
10:40 / 30.10.2024
FT: Рамапосанинг Путинни мақташи ЖАР коалициясини парчалади
21:52 / 29.10.2024