Жаҳон | 21:52 / 29.10.2024
7895
2 дақиқада ўқилади

Путин ядровий тийиб турувчи кучларни синовдан ўтказди

У «ядро триадаси» Россия суверенитети ва хавфсизлигининг ишончли кафолати бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин видеоалоқа орқали ядровий тийиб турувчи кучларнинг машғулотларини ўтказди, деб хабар берди ТАСС.

Путин «геосиёсий кескинликнинг кучайиши, янги ташқи таҳдид ва хатарларнинг пайдо бўлишини инобатга олган ҳолда, жанговар фойдаланишга доимо тайёр бўлган замонавий стратегик кучларга эга бўлиш муҳим» эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у Москва ядровий қуролдан фойдаланиш «хавфсизликнинг ўта муҳим чораси» бўлиб қолиши ҳақидаги позициясини тасдиқлашини қайд қилди.

«Биз яхши тушунамизки, айнан «ядро триадаси» мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигининг ишончли кафолати бўлиб қолмоқда. У бизга стратегик тийиб туриш вазифаларини бажариш, шунингдек, дунёдаги кучлар мувозанати глобал барқарорликнинг объектив омиллари сифатида ядро паритети ва ядровий тенгликни сақлаш имконини беради», деди Путин.

Путин, шунингдек, машғулотларда мулозимларнинг ядро қуролидан фойдаланиш бўйича ҳаракатлари амалда синаб кўрилишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Россия қуролланиш пойгасига қўшилмоқчи эмас, балки ўзининг ядровий кучларини «зарур етарлилик» даражасида сақлаб турмоқчи.

Бир йил аввал, 2023 йил октябрда Кремл матбуот хизмати Путин ядровий тийиб турувчи кучлар учун машғулотлар ўтказгани ҳақида хабар берган эди. Машғулотлар доирасида Плесецкдаги космодромдан «Ярс» қитъалараро ракетаси Камчаткадаги полигонга учирилди. Шунингдек, Баренц денгизидаги «Тула» атом сув ости кемасидан «Синева» ракетаси учирилди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига кўра, Владимир Путин иштирок этган стратегик тийиб турувчи кучларнинг машғулоти олдиндан режа қилинган. «Улар мунтазам равишда ўтказилади», деди Песков.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид