Тошкент шаҳрида муқобил телевидение эфири тўхтатилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан Тошкент шаҳрида 15 июлдан бошлаб янги русумдаги телевизори йўқ ёки телевизорга уланадиган қўшимча қурилмага (тюнер) эга бўлмаган оилалар аналог телевидениени кузатиш имконидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарорида Ўзбекистонда ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш жадвали тасдиқланган бўлиб, унга биноан 2018 йилнинг 5 декабрига қадар муқобил форматдаги телеэшиттиришлар тўхтатилиши белгиланган. Ушбу жадвал асосида 2018- йилнинг 15 январидан Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида муқобил форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилган эди.
Сирдарё вилоятида 15 апрелдан, Жиззахда 15 майдан, Самарқандда 1- июндан, Бухоро ва Навоийда 15 июндан, Хоразмда 1 июлдан тўхтатилган.
Ҳозирда фақат Қорақалпоғистон республикаси (10 сентябргача) ҳамда Қашқадарё (5 декабргача) ва Сурхондарё (5 ноябргача) вилоятларида аналог телевидениени кўриш имконияти сақланиб қолмоқда.
2018 йилнинг декабрь ойида сўнгги аналог узатгичлар ўчирилиши билан Ўзбекистон рақамли телевидениега тўлиқ ўтган давлатлар қаторига қўшилади.