Ўзбекистон | 09:44 / 18.07.2018
8517
4 дақиқада ўқилади

Туронбанк: Ёш банкирлар билан очиқ мулоқот

Фото: Туронбанк

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 4 июль куни “Ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш” масалаларига бағишлаб, ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда 2018 йил 27 июндаги ПФ-5466-сонли фармон билан тасдиқланган “Yoshlar - kelajagimiz” давлат дастури ижросидан келиб чиқиб, 2018 йил 14-15 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Туронбанк» АТБ тизимида ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш мавзусида банкнинг Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги филиалларда ишлаётган 100 нафарга яқин иқтидорли ёшлар иштирокида очиқ мулоқот кўринишида семинар бўлиб ўтди.

«Туронбанк» АТБ Бошқарув раиси Ч.С.Мирзаев семинарни очар экан, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳамда бугунги кунда Туронбанк тизимида ишлаётган иқтидорли ёшлар ва уларни қўллаб - қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ва келгусида ёшлар ўзларининг иқтидор ва қобилиятларини тўлақонли намоён этишлари учун қилиниши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Банк Бошқаруви раиси томонидан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида молиявий муассасалар қошида ташкил этилган ўқув курсларда 60 нафар ёшлар, банк томонидан вилоятларда ўтказилаётган семинарлар давомида 500 нафарга яқин ходимлар касбий малакаларини оширганлигини, ёш иқтидорли ва бошқарув қобилиятига эга ёшларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш амалиёти банкда кенг жорий этилганини айтиб, тижорат банклари ўртасида ўтказилган “энг ёш фаол банк ходими” танловининг Наманган ва Самарқанд вилоятлари босқичи совриндорлари Улуғбек Хамроқуловга ва Маъруф Тиркашевга ҳамда спортнинг “Таэквон-до” тури бўйича Ўзбекистон, Осиё ва Жаҳон чемпионатлари совриндори Давлатжон Олимжоновга алоҳида миннатдорчилик билдириб, уларни махсус сертификат ва эсдалик совғалари билан мукофотлади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков семинарда сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда бунга жавобан юртимиз ёшлари томонидан халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, мусиқа танловларида совринли ўринларни қўлга киритаётганлигини фахрланиб гапирди.

Фото: Туронбанк

Шунингдек, семинар давомида Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Ахмедов ва “Саодат” журнали бош муҳаррири, шоира Мунаввархон Усмоновалар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёшлар ҳаракати масъул ходими Нуршод Рамозановнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти тўғрисидаги маърузаси эса ёшлар томонидан қизиқиш билан тингланди.

Очиқ мулоқот вақтида ёшлар ўзларини қизиқтираётган саволларни банк раҳбариятига бериш билан бирга, банкни янада ривожлантириш учун инновацион янгиликлар ва ахборот технологияларнинг энг сўнгги ютуқларини қўллаш юзасидан таклифларини билдирдилар ва энг фаол қатнашган ёшлар, банк раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Семинарнинг иккинчи куни ёшлар, Тошкентнинг қадимий зиёратгоҳлари “Зангиота” мажмуаси ва “Ҳазрати Имом” қадамжоларини зиёрат қилишиб, энг сўнгги инновацион технологиялар асосида барпо этилаётган “Tashkent City” ва “Ислом цивилизацияси маркази” лойиҳалари ҳамда қурилиш майдонларида кетаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

Шундан сўнг, семинар иштирокчилари биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди ҳамда “Ислом Каримов музейи” ва “Темурийлар тарихи” давлат музейига ташриф буюрдилар. Ҳар иккала музейдаги экспонатлар ёшларда фахр ҳиссини уйғотиб, она ватанига бўлган муҳаббатини яна бир карра оширди.

Бир сўз билан айтганда, Туронбанк раҳбарияти томонидан ҳар ойда ташкил этилиб келинаётган бу каби семинарлар ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш билан бирга, уларнинг она ватанга бўлган садоқатини ва ўтмиш аждодлари тарихини ўрганиш орқали келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Мавзуга оид