Жорий йилнинг 12 июнь куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қизириқ туман судида Б.Мамадаминов раислигида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Судланувчи Ж.Бегимқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” ва “б” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (мансаб сохтакорлиги) бўйича жиноят ишлари кўриб чиқилди.

Kun.uz`га маълум бўлишича, судланувчи Ж.Бегимқулов Ангор туман ИИБ ХЧК ва ФР (халқ тилида “паспорт стол”)да катта инспектор лавозимида ишлаб келган. Дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра, бўлинма бошлиғи И.Қобилов, инспектор А.Абдураҳимов “Агробанк”нинг Ангор тумани филиали махсус касса кассири С. Усмонов билан олдиндан тил бириктириб, биометрик паспортларни расмийлаштириб бериш ва қўлланилган жарималарни тўланганлигини сохталаштириш, фуқаролар томонидан тўланадиган жами 166 198 035 сўм пулни кирим қилмасдан, ушбу пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган, дея гумон қилинган экан.

Ушбу масала юзасидан Сурхондарё вилоят Назорат тафтиш бошқармаси томонидан 2016 йил 29 апрелда далолатнома тузилган.
Суд мажлисида Ж.Бегимқулов айбга умуман иқрор бўлмади. Ж.Бегимқулов 2016 йил 20 сентябрга қадар ички ишлар тизимида катта инспектор лавозимида ишлаганлиги, ҳақиқатан ҳам текшириш ўтказилганлиги ва 166 198 035 cўм пул маблағлари топширилмаганлиги аниқланганлиги, аммо унинг ҳеч қандай айби йўқлигини айтган. Фуқаролардан давлат божини олиб қолиш ва квитанция тўлдириш ҳамда пул тушуми юзасидан банк билан солиштирма ўтказиш унинг вазифасига кирмаганлиги, шахсан ўзи фуқаролик паспортлари учун топшириладиган давлат божларини қабул қилиб олмаганлиги ва квитанция тўлдирмаганлиги, ушбу вазифалар махсус касса ходимларига юклатилганлигини айтган. Кассадагилар банк ғазнасига топшириши лозим бўлганлиги, у фақат бошлиқ устхати қўйилган ҳужжатлар ва квитанцияларни расмийлаштирганлигини айтган.
Айбланувчининг сўзлари судда бир неча гувоҳлар томонидан тасдиқланган.
Шунингдек, Ж.Бегимқуловнинг сўзларига кўра, 2016 йил 20 сентябрда уни ва ҳамкасби А.А.ни Сурхондарё вилояти ИИБ ХЧК ва ФРБ фаолияти куратори, MXX ходими Х.Т. чақириб олиб, шу ерда уларни ҳақорат қилади. Унга кийимларини ечишни айтишади. Бошига уришганда у ҳушини йўқотганди. Сўнг кафель ёпиштирилган ер тўлада эканини билиб қолганлигини, унинг олдига МХХ ходимлари 6 киши деярли ҳар куни соат 23:00дан кейин келиб, қўл-оёқларини боғлаб, баданига тан жароҳатлари етказиб, кимга пора берганини ва кимдан пора олганини айтаверганлиги, лекин ҳеч кимга пора бермаганини ва ҳеч кимдан пора олмаганини айтганида ҳам, МХХ ходимлари яна уриш ва қийнашни давом эттиришади. МХХ ходимлари унга нисбатан доимо жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказади, оёқ товонларини игна билан тешишади, турмуш ўртоғининг номусига тегиш ва бошқа таҳдидлар билан қўрқитишади.

















