Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Суд икки бор ҳимоя ордери берилганига қарамай турмуш ўртоғини уриб, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситган 35 ёшли эркакни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жиноятини содир қилганликда айбли деб топди. У судда айбига иқрор бўлмасдан, турмуш ўртоғининг ўлимида айби йўқлигини билдирган.
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг турмуш ўртоғи узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, 1989 йилда туғилган Д.Х. ўзига моддий ҳамда бошқа жиҳатлардан қарам бўлган турмуш ўртоғи Н.Х.ни сабабсиз турли баҳоналар билан уриб, азоблаб келган. 2022 йил 15 декабр куни тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлга ИИБ томонидан ҳимоя ордери берилган. Бироқ Д.Х. бундан хулоса чиқармаган ва аёлнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишда давом этган. 2024 йил 6 март куни Н.Х.га яна ҳимоя ордери берилган. Эркак эса қилмиши учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан.
Аммо Д.Х. яна жанжал чиқарган. 2024 йилнинг 27 март куни Н.Х. турмуш ўртоғининг қилмишларидан чарчаб, ижара асосида яшаб келган Бекобод тумани, Далварзин маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг 5-қаватдан ўзини ташлаган ва вафот этган.
Д.Х. судда айбига иқрорлик билдирмаган. У турмуш ўртоғига ғамхўрлик қилиб келишини, унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб келмаганлигини таъкидлаган.
“Ўша куни турмуш ўртоғим билан жанжаллашганим йўқ. Негадир унинг кайфияти бўлмади, ошхонага кириб, ичкаридан эшикни қулфлаб олди. Хавотирланиб эшик деразасини синдирганча ичкарига кирдим. У ҳаётдан тўйиб кетганлигини такрор-такрор айтди ва деразадан ўзини ташламоқчи бўлди. Шу пайтда унинг соч қисмидан қаттиқ ушлаб олдим ва фарзандлари борлигини, бундай қилмаслигини айтдим. Аммо у ўлгим келяпти деб пастга тушиб кетди”, деган Д.Х.
Эркакнинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомалари, суд тиббий экспертиза хулосалари билан тўлиқ ўз исботини топган.
Суд Д.Х.ни Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) содир этганликда айбли деб топган. Унга 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Д.Х. бундан аввал ҳам судланган. У 2013 йилда Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни қийнаш), 136-моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш), 166-моддаси 3-қисми “а” банди (Талончилик) билан айбдор деб топилиб, 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган, амнистия муносабати билан жазонинг учдан бир қисми (бир ярим йил)ни ўтаб чиққан.
Мавзуга оид
11:41 / 07.12.2024
“Тўппонча ўқталиб, отиб ташлайман деди” – “Саидазиз медгородок”ка яна бир “дело” бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
12:43 / 06.09.2024
Бекободда иш вақтида вафот этган “электросет” ходими учун 340 млн сўм ундириб берилди
13:02 / 21.08.2024