Ажал водийсидаги арвоҳ-шаҳар 1 млн фунтга сотилди
Ажал водийсида жойлашган, ўқ ва қон излари ҳали ҳам йўқолмаган арвоҳ-шаҳар 1 млн фунтга сотилди, деб хабар берди The Sun.
Серро Гордо — бу бир пайтлар кумуш қазиб олинган ташландиқ шаҳар. 19 асрнинг 70-йилларида у Ёввойи Ғарбдаги энг хавфли масканлардан бири бўлган. Бу ерда ҳафтасига камида битта қотиллик юз берган. Буни шаҳардаги бинолар тасдиқлайди – уларнинг деворлари ўқлардан илма-тешик бўлиб кетган.
Аммо шаҳарнинг янги эгалари таваккалга қўл уришмоқчи ва уни осори атиқа сифатида сақлаб қолиш учун яна 770 минг фунт сармоя киритишмоқчи. Бу ерда сақланиб қолган 22та бино орасида меҳмонхона, черков, дўкон, музей ва фойдали қазилмаларни юқорига тортиб олишга мўлжалланган кўтаргич бор.
Лос-Анжелес шимолидан 200 миль нарида жойлашган бу шаҳарга 1865 йилда асос солинган. Аввалига бу ерда кумуш қазиб олинган, кейинроқ у бутун Калифорниядаги энг йирик қўрғошин ишлаб чиқарилувчи масканга айланган. Аммо кумуш нархининг тушиб кетиши кон саноатига барҳам берган ва 1950 йилга келиб шаҳар бутунлай бўм-бўш бўлиб қолган.
Кўчмас мулк бўйича агентнинг сўзларига кўра, бу ерда арвоҳларни тез-тез кўриш мумкин.
Шаҳарнинг янги эгалари бу ерда меҳмонхона, ресторан, мусиқа студияси ва театр бунёд этишмоқчи.