Ўзил Эрдўған билан сурати туфайли ўзини танқидларга кўмган мухлисларга мурожаат қилди
«Арсенал» жамоасининг германиялик футболчиси Месут Ўзил ЖЧ-2018 арафасида Туркия президенти Ражаб Эрдўған билан бирга тушган сурати бўйича фикр билдирди.
29 ёшли футболчи ўшанда туркиялик сиёсатчи билан тушилган сурат туфайли немис жамоатчилиги томонидан қаттиқ танқидга учраганди.
«Кейинги кунларда менда яқин вақтлар ичидаги воқеалар бўйича ўйлаб олиш учун фурсат бўлди. Мен ўз бошимдан ўтказганларимни сизларга айтиб бермоқчиман.
Кўпчилик билан бўлгани сингари, менинг келиб чиқишим биргина мамлакат чегараларидан ташқарида. Мен Германияда ўсдим, аммо менинг оилам келиб чиқишига кўра турк. Менда икки юрак бор – немис юраги ва турк юраги.
Болалигимда онам мени она ватанимни унутмасликка ва унинг қадриятларини ҳурмат қилишга ўргатган.
Май ойида мен Лондонда президент Эрдўған билан хайрия тадбирлари доирасида учрашдим. Биз илк марта 2010 йили Берлинда, у ва Ангела Меркель Германия – Туркия учрашувини биргаликда томоша қилишганида учрашгандик.
Мен бизнинг охирги фотосуратимиз немис матбуотида катта резонанс келтириб чиқарганини биламан, кўпчилик одамлар мени ёлғончиликда айблашлари мумкин, аммо мен яна бир бор айтаманки, бу ҳаракатда ҳеч қандай сиёсий мақсад йўқ эди.
Юқорида айтганимдек, онам мени келиб чиқишимни, оилавий анъаналарни ҳеч қачон унутмасликка ўргатган.
Мен учун президент Эрдўған билан бирга суратга тушиш – сиёсатдан ва сайловлардан холи, бу шунчаки менинг оилам мансуб бўлган мамлакат раҳбарига билдирилган ҳурматдир. Мен футболчиман, сиёсатчи эмас. Бизнинг учрашувимиз сиёсатга алоқадор эмас. Қолаверса, Эрдўған ҳам футболга алоқадор шахс, у ёшлигида футболчи бўлган.
Немис нашрлари йўқ жойдан муаммо ҳосил қилишди. Мен Туркия президенти билан учрашишим тақиқланмаган. Мен учун ким президентлиги эмас, кимдир президентлиги аҳамиятлидир. Мен бирон бир мамлакат раҳбарини ҳурмат қилишим оддий ҳол. Ишонаманки, Эрдўғанни Лондонда қабул қилган Англия қироличаси ҳамда мамлакат бош вазири Тереза Мэй ҳам менинг фикримга қўшилишади. Германия президентига ҳам, Туркия президентига ҳам бир хилда муносабатда бўламан», – дея қайд этган Ўзил.
Мавзуга оид
17:03 / 22.03.2023
Месут Ўзил футболчилик фаолиятини якунлади
14:32 / 25.12.2019
Месут Ўзил 219 нафар боланинг жарроҳлик амалиёти пулини тўлаб берди
12:31 / 17.12.2019
Хитойда Ўзилнинг номи интернет қидирувлардан ўчирилди, расмий ОАВларда у ҳақда ёзиш тақиқланди
18:00 / 15.12.2019