“Кун.уз” сайти электрон почтасига ҳар куни юзлаб мактублар, мурожаатлар ва шикоятлар келади. Уларни кўздан кечирар экансиз айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан мисли кўрилмаган номақбулчилик, нўноқлик, сансалорлик ва йўқ жойдан муаммо яратиш каби ҳолатларга гувоҳ бўласиз.

Ана шундай мактублар орасида Андижон вилоятидаги – “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” қишлоқ хўжалиги кооперативининг 495 нафар мулкдорлари томонидан йўлланган мурожаат эътиборимизни тортди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.02.2017 йилдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–2796–сонли қарори ижросини таъминлаш ниқоби остида, Андижон вилоятидаги “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” қишлоқ хўжалиги кооперативи сунъий равишда инқироз ҳолатига олиб келинаётганлиги тўғрисида баён этилган.

Вазиятга холис бахо бериш мақсадида ижодий гуруҳимиз Андижонга йўл олди.

Мамлакатимизнинг тўқимачилик саноати тарихига назар ташласак, собиқ Иттифоқдан мерос бўлиб қолган ва улкан ҳажмда пайпоқ тўқишга ихтисослашган комбинатлар сони атиги 3та эди.

Бири Жиззахда, яна бири Қўқонда, учинчиси Андижон вилояти Қорасув шаҳрида эди. Ўтган йиллар давомида Жиззах ва Қўқондаги мазкур гигант корхоналарнинг умри битди. Уқувсиз бошқарув, тор манфаатлар, бозор иқтисодиёти талабларини яхши билмаслик оқибатида корхоналар барбод бўлиб, юзлаб ишчилар кўчада қолди.

Фақатгина Қорасувдаги пайпоқ тўқиш фабрикаси ишбилармонлик руҳи ва бой тажриба туфайли сақлаб қолинди. Аслида долғали йилларнинг талотўпларидан эсон-омон чиқиб келаётган ва иш ўринларини сақлаб қолаётган корхона раҳбарларига раҳмат айтиш керак эмасми?! Лекин амалда нима бўлаяпти?

Бизни Қорасувда корхона раҳбарлари ва маъсул ходимлар очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Даставвал корхона фаолияти билан яқиндан танишиш истагимиз борлигини сўрадик ва ишлаб чиқариш цехларини атрофлича кўздан кечирдик. Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур “Қорасув пайпоқ тўқиш фабрикаси” дабдурустдан Андижон вилояти қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссиси хулосасига кўра, фойдаланилмаётган корхоналар рўйхатига қўшиб қўйилган. Бу РЎЙХАТ асос қилиниб, корхонага нисбатан таъсирчан солиқ механизми яъни оширилган солиқ тўлаш чораси қўлланилган. Натижада корхона оз эмас-кўп эмас 232 миллион сўмдан ортиқ солиққа тортилган.