Иқтисодиёт | 16:34 / 24.07.2018
5770
4 дақиқада ўқилади

Божлар қурол сифатида. 2018 йилги жаҳон савдо урушигача босиб ўтилган йўл

Фото: getty images

Жаҳон замонавий савдо сиёсати 1930 йилдан, АҚШ Конгресси Смут-Хоули протекцион қонунини қабул қилган пайтдан бошланади. Парламент бу ҳужжат орқали Буюк тушкунлик даврида қишлоқ хўжалик ва саноат маҳсулотлари импорти учун божларни кўтарганди. Бошқа мамлакатлар ҳам худди шу тарзда жавоб қайтаришди ва АҚШ таъсиридан қочиш учун бир-бирлари билан фаол савдо олиб бора бошлади, деб ёзади Forbes.

Протекцион қонун АҚШнинг Биринчи жаҳон урушидан кейин кучайиб борган изоляционизм ва миллийлаштиришининг натижаси бўлди ҳамда мамлакатни Буюк тушкунликка олиб келди. Ҳозирги воқеалар ўша даврни эслатиб юбормоқда. АҚШ президент Трамп раҳбарлигида протекционизм ва изоляционизм сиёсатига ўтмоқда.

Аммо Трамп шуни ёдда тутиши лозимки, протекцион қонун қабул қилинганидан сўнг АҚШ президентлигига номзод Франклин Рузвельт Смут-Хоули қонунига қарши чиқиш кампаниясига раҳбарлик қилган ва сайловларда ғолиб чиққан. Американи 2020 йилда Трамп тарифларига қарши кампания кутиб тургани ҳақидаги савол ҳозирча очиқ турибди.

Рузвельтдан ЖСТга

1934 йилда ўзаро савдо келишувлари ҳақидаги қонунни имзолаган жаҳонда бугунга қадар устунлик қилиб келган либерал сиёсат тўлқинини бошлаб берди. Бу қонун АҚШдаги экспортчи компанияларнинг уринишларига қарамасдан, тарифларнинг пасайишига омил бўлди.

Фото: Xinhua

Қонун президентга халқаро савдо соҳасида икки томонлама музокаралар олиб бориш ҳуқуқини берди ва атиги беш йил ичида 19та савдо келишуви тузишга эришилди. 

Ўзаро савдо келишувлари ҳақидаги қонунда илк бор халқаро савдо қоидалари акс этди ва бу 1947 йилги тариф ва савдо бўйича бош келишувга йўл очди. У биринчи халқаро савдо келишуви бўлиб, «тарифларни ва бошқа савдо тўсиқларини камайтириш ҳамда халқаро савдода дискриминацияни йўқотиш» мақсадида 23 давлат томонидан имзоланди.

Натижада бош келишув ўрнини таркибига 123 давлат кирган Жаҳон савдо ташкилоти эгаллади. ЖСТ тузилганидан сўнг жаҳондаги савдо ҳажми 1950-2007 йилларда ўртача 5,1%га ошди.

 

Хавфли қонун

ЖСТ тузилгунига қадар АҚШ ҳукумати савдо экспанцияси ҳақидаги қонунни қабул қилган, қонун президентга миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ёки унга салбий таъсир кўрсатувчи маҳсулотларга нисбатан бир томонлама тартибда тарифлар жорий этиш ҳуқуқини берарди. Бу қонун 1981 йилдан бери 16 марта қўлланилган ва Трамп бу йил мазкур қонундан фойдаланиб пўлат ва алюминий импортига нисбатан тарифлар жорий этди.

Аввалига Трамп бу тарифларни Хитойдан келадиган қўшимча маҳсулотлар экспортига таъсир кўрсатиш учун ўрнатди. Хитой АҚШнинг энг асосий савдо ҳамкори ҳисобланади.

Ўзаро боғланган бу икки давлат ўртасидаги савдо уруши ташқи иқтисодий муносабатлар ривожини секинлаштириши мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси яқинда савдо урушида тўлиқ симметрик жавоб (яъни солиқларни мувофиқлаштириш) нейтрал таъсир кўрсатиши, аммо импортга тарифлар орқали жавоб чоралари кўриш бутун жаҳон савдосига салбий таъсир кўрсатишини билдирди.

Forbes'нинг тахминига кўра, бу урушда фақатгина ҳар икки давлатнинг оддий фуқаролари жабр кўришади, чунки тарифлар ошиши натижасидаги иқтисодий ва ижтимоий пасайишлар уларнинг зиммасига тушади. Ҳар икки давлат иқтисодиётини инфляция кутади, зеро импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи ошади, бу эса маҳсулотлар етказиш ҳажми камайишига ва нархларнинг ошишига олиб келади.

Мавзуга оид