Ҳали расмий хабар чиқмади, лекин эшитишимча, терма жамоамиз бош мураббийлигига аргентиналик мутахассис Эктор Купернинг тайинланиши тўқсон тўққиз фоиз аниқ экан.  

Аввало, айтиш керакки, мураббий ҳақида олдиндан аниқ хулоса бериш қийин. Футболда мураббийларнинг натижалари парадоксларга тўла - Сколари жаҳон чемпиони бўлади, лекин «Бунёдкор»да Қосимов ишини такрорлай олмайди. Ди Маттео уч ойда чемпионлар Лигасини ютади, лекин шу билан йўқолиб кетади. Лёв ёки Липпи бир жамоа билан гоҳ ғолиб, гоҳ шарманда бўладилар.

Лео Месси беш футболчини алдаб ўтса-ю, аниқ зарба бера олмаса, у Мессилигича қолади. Аммо ўша зарба голга айланмагани учун мураббий истеъфога чиқарилиши мумкин. Яъни, ҳаммаси биз ўйлагандек осон эмас, биз билган футболчилар, майдон ва ўйиндан ташқари, парданинг орти, жуда кўп омиллар бор. Бир жамоа, бир вазифа учун жуда мос тушган мураббий, эртага бошқа вазифа ва жамоа билан шарманда бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Эктор Купер билан терма жамоамизда қандай натижа кўрсатишини айтиш мушкул, бу ҳақида аниқ баҳо беришга эрта. Аммо баъзи факторлар борки, янги мураббий терма жамоамизда ижобий ўзгариш қила олишига ишонгимиз келади.

ЧЕТ ЭЛЛИК          

Ким бўлишидан қатъи назар, терма жамоамиз бош мураббийлигига чет эллик мутахассис тайинланишини кутиб юргандик. Чет эл бўлгандаям, собиқ иттифоқ эмас, узоқроқдан, умуман бошқа менталитетга эга бўлган, муҳими, замонавий футбол стандартларида "қовурилган" мураббий сифатида Купер айни муддаодир.

Биринчидан, ундай мураббий шартнома туздими, қандайдир ўз талаблари билан келади ва у хоҳлайдиган энг минимум шароит ҳам маҳаллий мураббийларникидан юқори бўлади. Табиийки, катта суммадаги шартномага имзо чеккан ЎФА ҳам "савоб ишни охиригача қилишга" уринади ва терма жамоа аураси, ишлаш тамойиллари ва яратиладиган шароитлар ўсиши турган гап.

Иккинчидан, у ҳали ўзбек футболини билмайди. Авлодлар алмашинуви рўй бериши керак бўлган айни вазиятда бу муҳимдир. Баъзи номларга нисбатан ички босимнинг бўлмаслиги, бирор клуб ёки шахсга нисбатан ён босилмаслиги учун ҳам чет эллик мустақил мураббий керак эди. Терма жамоа остонасидаги холислик клубларда тўп сураётган ёш футболчиларга ҳам умид бериши, ўз ўзидан миллий чемпионатимизни ҳам жонлантириб юбориши мумкин.

Учинчидан, маълум бир цикл тугаганда, биз аслида натижанинг қониқарли бўлгани, мақсадга сал қолгани ҳақидаги гаплардан кўра, реал муаммолар ва сабаблар ҳақида ҳам гаплашиш имконига эга бўламиз. Чунки, чет эллик мураббий исталган пайтда шароитлар ва муаммолар ҳақида очиқ айта олади. Бундан ташқари, матбуотда ҳам абрамовчи, қосимовчи ёки бабаянчига айланиш, "кўз кўзга тушади" деб танқид қилиш ёки савол беришдан қочиш ҳолатлари ҳам бўлмайди.