Ўзбекистон | 13:01 / 26.07.2018
2988
2 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш тизими ислоҳ қилинади

Давлат активларини бошқариш тизимини танқидий ўрганадиган ишчи гуруҳи ташкил этилди. Бу президентнинг 23.06.2018 йилдаги Ф–5343-сон фармойишида назарда тутилган.
 
Ишчи гуруҳи Ўзбекистон давлат активларини бошқариш тизими танқидий ўрганилиши ва тубдан такомиллаштирилишига доир таклифлар тайёрланишини таъминлайди, деб ёзмоқда Norma

Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

• давлат активларини бошқариш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ва услубий база замонавий талабларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши; 
• мавжуд давлат мулкини инвентаризация қилган ҳолда, давлат активлари, шу жумладан фойдаланилмаётган давлат активлари ҳисоби тўлиқ юритилиши;
• хориждаги давлат мулкидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши;
• давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда давлат ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчилар фаолиятининг самарадорлиги;
• илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги;
• давлат активларини бошқаришда очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши, давлат мулки объектларини сотиш ва ижарага беришда асосли нарх белгиланиши;
• давлат активларини, шу жумладан давлат улуши бўйича дивидендларни (ажратмаларни) бошқаришдан маблағлар тўлиқ ва ўз вақтида тушишининг баҳоланиши;
• давлат активларини бошқаришдан, шу жумладан давлат активларини сотишдан тушаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши;
• давлат мулки ҳисобини юритиш, уларнинг ишончлилиги ва долзарблигини баҳолаш учун ахборот-коммуникация тизимларини жорий этиш даражаси.
 
Танқидий ўрганиш натижаларига кўра тайёрланган таҳлилий материаллар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари 2018 йил 15 сентябргача Президент девонига киритилади. 
 
Ҳужжат 23.07.2018 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид