Жаҳон | 08:37 / 26.07.2018
7878
2 дақиқада ўқилади

Энг қиммат турувчи хакерлик хизмати маълум қилинди 

Фото: Fotolia / Denys Prykhodov

Банкоматлар учун зарарли дастурий таъминот яратиш яширин интернетда энг қиммат турувчи хакерлик хизмати ҳисобланар экан. Бундай дастурларга талаб таклифдан 3 марта кўпроқни ташкил қилади. Бундай маълумотлар ахборот хавфсизлиги соҳасида фаолият юритувчи Positive Technologies компанияси тадқиқотида келтирилган. 

Мутахассислар интернетнинг яширин сегментида сотилувчи турли воситалар ва хизматларнинг минимал ва ўртача нархини баҳолаб, энг қиммат турувчи кибермаҳсулот банкоматларга мантиқий ҳужумларни ўтказувчи дастурлар экани ҳақидаги хулосага келишган. Бундай тайёр дастурлар нархи 1,5 минг доллардан бошланар экан.

Компания маълумотларига кўра, жиноий киберхизматлар бозорида зарарли дастурлар яратиш ва тарқатиш билан боғлиқ хизматлар асосий талабга эга (55 фоиз). Шунингдек, криптомайнерлар (20 фоиз), хакерлик утилиталари (19 фоиз), ботнетлар яратиш учун зарарли дастурлар (14 фоиз), масофадан кириш учун троян дастурлари (12 фоиз) ва товламачи-троян дастурлар (12 фоиз) кенг тарқалган.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, “даркнет”да (яширин интернет) бузиб киришга талабларнинг катта қисми сайтлардаги заиф жойларни топиш (36 фоиз) ва электрон почталар паролларини олиш (32 фоиз) билан боғлиқ. Таклиф қилинувчи хакерлик хизматлари орасида ижтимоий тармоқлар ва электрон почталар қайд қилиш ёзувларини бузиб кириш етакчилик қилади (33 фоиздан). Positive Technologies таҳлилчилари бундай кўрсаткичларни одамларнинг бошқаларнинг ёзишмаларига кириш истаги билан боғлашмоқда.