Олимлар Марсда суюқ ҳолатда сув борлигининг илк исботларини аниқлашганини эълон қилишди. Сув кўндалангига 20 км келадиган кўлда бўлиб, кўл сайёранинг жанубий қутбида жойлашган ва қалин муз остида яширинган.

SCIENCE PHOTO LIBRARY

Аввал олимлар Марс сиртида баъзида эриётган музликларнинг суви бир муддат оқиши мумкинлиги, аммо сайёрадаги паст босим сабабли бу сув тез буғланиб кетишини тахмин қилишган. Бироқ энди Қизил сайёрада доимий равишда суюқ сув мавжуд деб ўйлашга илк асослар пайдо бўлди.

НАСАнинг «Кьюриосити» марсоходи аввалроқ сайёра юзасида қуриган кўллар мавжудлигини аниқлаган ва бу билан ўтмишда Марсда сув бўлгани исботланганди.
Сайёрада ҳароратнинг сезиларли равишда пасайиб кетгани оқибатида сувнинг аксарият қисми музга айланган.

Фото: NASA

«Бу унча катта бўлмаган кўл бўлиши керак», - дейди тадқиқот раҳбари, Италия астрофизика миллий институти профессори Оросеи.

Радар сув қатламининг қалинлигини ўлчай олмади, аммо олимлар унинг бир метрдан кам эмаслигини тахмин қилишмоқда.

«Уни сувли резервуар деб аташга асос бор. Бу шунчаки тоғ жинси ва муз қатлами орасида қолиб кетган сув билан тўла кўл эмас», - деди профессор.

Фото: ESA/INAF

Кўл қандай топилди?
Marsis радари сайёра юзасини ва тупроқнинг юқори қатламини тадқиқ қилади, электромагнит тўлқинлар тарқатади ва қайтган сигналларни ўрганади.

Юқоридаги суратда узлуксиз ёрқин чизиқ сайёра жанубий қутбидаги қатламни акс эттиради. У чанг ва музлаган сувдан иборат аралашмадан ташкил топган.
Аммо олимлар унинг остида ғайриоддий нарса борлигини пайқашди.

«Мовий ранг билан сигнал сайёра юзасидан кўра яхшироқ келган ҳудуд ифодаланган. Бу эса сув мавжудлигидан дарак беради», - деб изоҳлайди профессор Оросеи.