Ўзбекистон | 08:15 / 26.07.2018
6418
3 дақиқада ўқилади

Таносил касалликларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий кўриклар нега ўтказилмаяпти?

Фото: parliament.gov.uz

Кейинги икки йилда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш масалалари кун тартибидаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, патронаж хизматини яхшилаш, халқнинг тиббий маданиятини юксалтириш, касалликларни эрта аниқлаш, профилактика сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга шундай хасталиклар ҳам борки, Ўзбекистонда бундай беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни даволаш алоҳида ёндашувни талаб этади. Улардан бири таносил касалликларидир.

Қонунчилик палатаси сайтида хабар қилинишича, парламент қуйи палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Республикамизда таносил касалликларига чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларни даволаш ҳолати” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ушбу масала депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, шунингдек қўмита экспертлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мамлакатда таносил касалликларига чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш ҳолати Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари билан биргаликда ўрганилди. 

– Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва ички ишлар вазирининг 1997 йил 15 майдаги “Хавфли гуруҳга кирувчи шахсларнинг жинсий йўл билан юқувчи касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги буйруқлари мазкур икки вазирлик раҳбарларининг 2016 йил 31 августдаги буйруқлари билан бекор қилингани сабабли ҳозирги кунда таносил касалликларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий кўриклар ўтказилмаяпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадаходжаева. – Шунингдек, мазкур хасталикка чалинган шахслар тўғрисидаги статистик маълумотлар юритилмаяпти.

Давра суҳбатида мажбурий тиббий кўрик ва даволаниш ишларининг олиб борилмаслиги натижасида ҳозирги кунда таносил касаллигига чалинган беморлар соғлом одамлар саломатлигига жиддий хавф туғдираётгани айтиб ўтилди.

Тадбир давомида хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан Россия, Белорусь, Қозоғистон, Тожикистон, Украина каби давлатлар қонунчилигида мазкур касалликка чалинган беморлар суд қарори асосида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши ва даволаниши белгилангани қайд этиб ўтилди.

Ушбу касалликнинг ижтимоий хавфи юқорилигини эътиборга олиб, давра суҳбати иштирокчилари томонидан бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, жумладан “Таносил касалликларининг профилактикаси ва даволаш тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Қайд этилганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши, ҳозирги кунда республикада ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган, аҳолининг соғлиғи учун хавфли бўлган таносил касалликларини мажбурий даволашга имкон яратиб, унинг тарқалиши олдини олишга ёрдам беради.

Мавзуга оид