Спорт | 19:26 / 28.07.2018
11793
10 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Бенжамен Павар

Фото: Getty Images

2017 йилнинг 30 октябрида Бенжамен Павар немиc тилидан олаётган репетиторлик дарсларидан кейин тушлик қилгани ошиқди. Қайтиб келса – уйдан қилинган ўнлаб қўнғироқлар жавобсиз қолган. “Штутгарт”нинг 21 яшар жингалаксоч ҳимоячисининг ҳаётида ўша куни туб бурилиш содир бўлганди.
Унга ота-онаси Дидье Дешам терма жамоанинг Уэльс ва Германияга қарши кечадиган навбатдаги ўртоқлик ўйинларига чақираётганини айтмоқчи бўлгандилар. Терма жамоанинг асосий ўнг қанот ҳимоячиси, “Монако” аъзоси Жибрил Сидибе жароҳат олгач, Дешам бундеслигадан келган ёш ҳимоячига имконият тақдим этди.

“Бенжаменда халқаро тажриба йўқ, аммо мен ёш футболчиларни яхши кўраман, унда иқтидор етарли” – деб ўз қарорига изоҳ берди Дидье.
Павар йиғлаб юборди. Франция ёшлар терма жамоаси сафида 15 ўйинда майдонга тушиб улгурган футболчи энг катта турнир олдидан катталарнинг асосий таркибига киришдан умид қила олмасди-да.

“Бу ҳақиқий бахт эди, – деб кейинчалик эслайди Павар. - Мен ота-онам ёнида хўнграб йиғлагандим. Болалигимдан қилган ҳамма қурбонликлар ўзини оқлаганди, бекор кетмаганди”.

Фото: AFP/LaPresse

Клубда асосан ҳимоя марказида ҳаракат қиладиган Павар терма жамоада ўнг қанот ҳимоячиси сифатида шаклланди, шу позицияда ҳамма ўртоқлик ўйинларида майдонга тушди ва Россияга асосий таркиб ўйинчиси сифатида ташриф буюрди. У ерда эса, ҳаммамиз кўрдик, унинг деярли ярим йил олдин бошланган парвози давом этди.

30 июнь куни Франция терма жамоасини турнирни тарк этишдан атиги ярим соат ажратиб турарди. Аргентинага қарши ўйинда Меркадога теккан тўп Льорис дарвозасидан жой олди ва рақиб ҳисобда олдинга чиқиб олди: 1:2.

Кейин эса, ҳеч ким кутмаган воқеа рўй берди. Франция терма жамоа таркибида оддий мухлислар учун энг нотаниш ва гуруҳ ўйинларида гўё сезилмаган Бенжамен Павар Лукас Эрнандеснинг узатмасидан сўнг қайтаётган тўпга югуриб борди ва дарвозага кучли зарба берди. Гол. (Бу гол турнирнинг энг чиройли голи деб ҳам эътироф этилди, дарвоқе).

Фото: Getty Images

Зарбанинг ижроси ва тўпнинг дарвоза тўрига теккан оралиқ сонияларда мухлислар оёққа қалқди, ҳар икки жамоа футболчилари музлаб қолишди.

Шундан сўнг, Килиан Мбаппе ўз ишини қилди, аммо ўша оқшом ҳужумчининг дубли эмас, кўпроқ Павар ҳақида гапира бошлашди. Агар Франциянинг энг нотаниш қанот ҳимоячиси шундай гол ура олса, чемпионлик ҳақида орзу қилишдан яна нима тўхтатиши мумкин?

Россиядаги ўйинлар олдидан терма жамоаси сафида атиги 5 ўйинда майдонга тушганди. У голни Мбаппе ёки Гризманн каби нишонлашни билмади ҳам, кейин ўзи айтиб беришича, гол урганидан кейин нима қилишни ҳам билмай қолган экан. Ёки Погба каби эртасига ўнлаб рақс саҳналарини видеога олиб интернетда тарқатмади. Шундай бўлса ҳам, ўша ўйиндан кейин ҳамма Павар ҳақида гапира бошлади.

Фақат бечора “Штутгарт” мухлисларига қийин бўлди – энди уларнинг ёш юлдузларини “Бавария” ўзига оғдириб олади. Франция телевиденияси эса онасининг Бенжаменга қарата кўзда ёш билан қилган видеомурожаатини қўйиб берди. Журналистлар Паварнинг Евро-2016 да дўстлари билан терма жамоага мухлислик қилаётган фотоларни қидириб топишди. У пайтларда унинг позициясида тажрибали Бакари Санья ўйнарди. Тележурналистлар Павар улғайган “Жюмон” клубининг базасигача етиб боришди. Кимдир ҳимоячи турли ёшдаги терма жамоалардаги 28 ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаганини қидириб топди. Мураббий эса, шогирдига бир пайтлар Лилиан Тюрам ҳам шунга ўхшаш гол урганини ва афсонага айланганини эслатиб, ўрнак олишга чақирди.

Фото: AFP

“Мен нима бўлаётганини тўлиқ фахмлаяпман, дея олмайман. Мен майдондаги ҳар бир дақиқадан завқ оляпман. Мен жаҳон чемпионатида бундай гол урганимни умримнинг охиригача ёдимда сақлайман” – деди қаҳрамоннинг ўзи. Кейинчалик, машғулот пайтида худди шундай зарбани амалга ошираман деб, осмондаги қушни уриб туширганини айтиб, ҳазиллашиб ҳам қўйди.

2016 йилда “Лилл” бош мурабийи Фредерик Антонетти Паварга ишонч билдирмаган, унинг ўрнига тажрибалироқ футболчини ўйнатмоқчи эканини яширмаган ва Бенжамен сўнгги ўн йилини берган Лиллни тарк этишга мажбур бўлганди. Францияда ҳеч ким танимайдиган ёш ҳимоячига ким ҳам қизиқарди, натижада у таваккал қилишга мажбур бўлди. Эндигина бундеслигани тарк этган “Штутгарт” чақириғига рози бўлди.

Фото: Getty Images

Ўшанда баъзи француз нашрлари Паварнинг хато қилганини ёзишди. Бу ёшда мамлакатни тарк этишдан кўра, Франциядан осонроқ вариант топиш фойдалироқ туюлганди. Аммо аксинча, айнан “Штутгарт”да, янги маданият, янгича футболга мослашиш жараёни Паварни янада кучли қилди. Германиядаги мухлисларнинг футболга муносабатини ҳам эсдан чиқармаслик керак: “Мен Германиянинг машҳур клубида тўлиқ стадион қаршисида ҳар ўйинда майдонга тушяпман, бу ёмон эмас, тўғрими?” - деб баҳо берганди Бенжамен Павар.

У 2016 йилнинг октябрида “Гройтер”га қарши баҳсда илк ўйинини ўтказди. Бундеслигага ўрганиб қолган “Штутгарт” учун қўйи дивизион бироз ноқулай эди, аммо Павар бунга эътибор ҳам бермади. Ўша ўйинда жамоа 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Павар бир гол уриб, яна Карлуш Маненинг голига ассистентлик қилди.

Айниқса, голдан кўра, пас ҳамманинг эътиборини қозонганди: ҳимоячи тўпни жуда чиройли тарзда ўз қанотидан қарама-қарши томонга, шеригининг йўлига чиқариб берган, Манеда фақат тўғри зарба бериш қолганди холос. Мухлислар айнан техникаси туфайли Паварни ёқтириб қолишди. Бир йил ўтиб, Дешам уни терма жамоага чақирганда балки французлар ҳайрон қолишгандир, аммо Штутгартда бу оддий қарор сифатида қабул қилинди. Бошқача бўлиши мумкин эмасдек.

Фото: Getty Images

Паварнинг яна бир хусусияти – универсаллик. “Штутгарт” Бундеслигага қайтгач , у жуда кўп позицияларда ўзини синаб кўрди. Ҳимояда ҳам, ярим ҳимояда ҳам ўйнади. 2018 йилнинг январидан бошлаб эса, янги мураббий Тайфун Коркут уни фақат ҳимоя марказида ўйната бошлади.

“Штутгарт” 7-ўринни олди, Павар 34 ўйиннинг барчасида асосий таркибда тўлиқ ҳаракат қилди. Айнан шу мавсум охирларида у ҳақида кўпроқ гапира бошладилар, Россияга борадиган таркибда икки хил позицияда ўйнаши билан Тюрамни эслатиб юборадиган ҳимоячи Дешамга керак эди. Ўша 1998 йилги чемпион терма жамоада Дешам билан ўйнаган Лилиан Тюрам ўнг қанотда ўйнар, аммо клубда, “Парма”да марказий ҳимоячи ҳисобланарди.
Энди Паварнинг Франция либосидаги мағлубиятсиз серияси 31 ўйинга етди. Энди у ўз вақтида Мобёжни тарк этиб, Лиллга бориб қолганидан ҳам, у ердан деярли “ҳайдалиб”, Германияга кетганидан ҳам афсус қилмайди. Энди у бемалол Лилиан Тюрам эришган муваффақиятларни забт этмоқчи эканини айтиши ҳам мумкин, ҳеч ким кулмайди.

Фото: AFP

Ёш дўстимиз терма жамоадаги шериклари ва мураббийдан мақтовларни эшитиб, оиласи даврасида таътилини ўтказаётган мана шу паллада эса, уёқда футболчини қўлга киритиш учун ҳақиқий кураш бошланган.

Тахминлар тўғри чиқди, у терма жамоада ва клубда ўзини кўрсатиши ҳамоно “Бавария” қизиқишни бошлади. “Штутгарт” спорт директори Михаель Решке эса, мюнхенлик наҳанглар ҳақидаги хабарларни кескин қабул қилди ва 30 миллион евро атрофидаги таклифлар учун ҳатто телефон трубкасини кўтармаслигини айтди.

Аммо ҳаммаси “Штутгарт”нинг назоратида эмас – шартномага кўра, 2019 йил кириши билан Германия чемпиони футболчининг 35 миллионлик товон пулини тўлаб, уни қўлга киритиши мумкин. Демак, агар “Бавария”нинг янги мураббийи Нико Ковач Паварни ўз жамоасида кўришни истаса, Бундеслиганинг асосий монополчилари ўша суммага озгина қўшиб, ёздаёқ мақсадларига етишлари мумкин. Бундай ишлар “Бавария” учун ҳеч қачон муаммо бўлмаган.

Трансфер ҳар қандай ҳолатда ҳам томонларни хурсанд қилади. Паварни беш миллионга сотиб олган “Штутгарт” мўмайгина даромад олса, “Бавария” яхши ҳимоячига эга бўлади, футболчининг ўзи эса, ёшликдаги орзусига эришган бўлади:

“Мен болалигимдан Чемпионлар лигасида ўйнашни орзу қилардим. Албатта, “Штутгарт”дан барчаси учун миннатдорман”

Фото: Getty Images

Уёғини Павар ҳали айтгани йўқ. Ҳозирча футболчи ҳаётидаги энг муҳим турнир ҳам якунига етди, у юлдузли шериклари қатори икки ҳафталик таътилга чиқди. Замонавий футболнинг энг гламур жамоадошлари орасида Павар ҳали ҳам камтарлигича қолмоқда.

У қаерда ўйнамасин, ўз ишини қилаверади. Клублар қўлда пул билан уни ўз томонига оғдириш ҳаракатида, ота-она ўғлининг қаерда бўлса ҳам, муваффақият қозонишидан умидвор...

Фақат жаноб Дидье Дешамга мазза, яқиндагина яна жаҳон чемпионига айланган мураббий аниқ биладики, жамоасида яна ажойиб голлар ура оладиган универсал ҳимоячи бор.

johndonne.ru материали асосида Қ.Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид