Жаҳон | 00:22 / 30.07.2018
15882
6 дақиқада ўқилади

Крикетдан сиёсатга. Покистоннинг янги бош вазири Имрон Хон ҳақида нималар маълум?

26 июль куни покистонлик сиёсатчи Имрон Хон мамлакат бош вазирлиги учун ўтказилган сайловларда ғалаба қозонганини маълум қилди. Янги бош вазир сиёсатга қадам қўйгунига қадар нималар билан шуғулланган ва унинг олдида қандай вазифалар турибди.

Фото: EPA\UPG

Моҳир крикетчи

Фото: twitter.com\
Nooruddean

Имрон Хон 1952 йил 5 октябрда туғилган. У қурувчи муҳандис Икромулла Хон Ниёзий ва Шавкат Хонимларнинг тўрт қизи ичидаги яккаю ягона ўғли.  

Имрон Хонлар оиласи анчагина бадавлат бўлгани учун у яхши таълим олган – аввалига Лохурдаги Аткинсон коллежида, сўнгра Буюк Британиядаги Вустер қироллик гимназиясида таҳсил олган. 1972 йилда Оксфорддаги Кэбл-коллежда фалсафа, сиёсат ва иқтисодиёт бўйича ўқиган ва 1975 йилда уни аъло баҳоларга битирган.

Имрон Хон 16 ёшида крикет билан шуғуллана бошлаган. 1976 йилда Покистонга қайтганидан сўнг  миллий терма жамоа сафида ўйнай бошлаган ва 39 ёшигача терма жамоа сардори бўлган. 

Шахсий ҳаёт

Фото: EPA

1995 йилда 42 ёшли Имрон Хон миллиардер Жеймс Голдсмитнинг 20 ёшли қизи Жемима Голдсмитга уйланади. Христиан сифатида вояга етган Жемима (унинг отаси яҳудий эди) ислом динини қабул қилади, урду тилини ўрганади ва Исломободга кўчиб келади.

1996 йилда Имрон Хон Таҳрики Инсоф партиясига асос солади. 1997 йилда эса унинг биринчи фарзанди Сулаймон Исо Хон дунёга келади.

Тез орада Имрон Хоннинг яҳудий аёлга уйланганлиги унга қарши ишлатилиши мумкинлиги маълум бўлади.

Иккинчи ўғли Қосимни дунёга келтирганидан сўнг Жемима ўқишини тугатиш учун тез-тез Лондонга борадиган бўлади. Жемима Хон охирги вақтда Буюк Британияда яшай бошлайди ва улар 2004 йилда ажрашишади.

Фото: Instagram\nichelifestyle

2015 йилда Имрон Хон журналист Реҳам Хонга уйланади. Уч фарзанди билан яшовчи Реҳам Хон у билан 2012 йилда, Имрон Хондан интервью олган вақтида танишган эди.
Уларнинг никоҳи атиги 10 ой давом этади холос.

Имрон Хон учинчи бор 2018 йил февралда турмуш қуради. Унинг бу сафарги турмуш ўртоғи беш фарзанди билан ажрашган ва сўфийлик мактаби етакчиси бўлган 39 ёшли Бурша Манека бўлади. 

Шов-шувли сайловлар

Фото: EPA



Покистонда бўлиб ўтган 2018 йилги бош вазир сайловларидан сўнг Имрон Хоннинг аксарият рақиблари сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилишди.  
Покистон мусулмон лигаси етакчиси, коррупцияда айбланиб қамалган собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси Навоз Шоҳбоз Шариф ўзининг Twitter аккаунтида Имрон Хон фойдасига "оммавий сохталаштиришлар" содир этилганини маълум қилди, деб ёзди CNN.

Аммо 27 июль куни Покистон мусулмон лигаси сайлов натижаларини тан олишини ва мухолифат тарафига ўтишини маълум қилди.

Покистон халқ партияси етакчиси, марҳум бош вазир Беназир Бхуттонинг ўғли Билавал Бхутто Зардори ҳам Twitter саҳифасида сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирди.  
Имрон Хоннинг ўзи эса сайловлар ҳаққоний ўтганлигини таъкидлади.

"Агарда сохталаштириш бўлган деб ҳисобласангиз, текширув ишларида ёрдам берамиз. Агарда бирор-бир партияда қандайдир шубҳа бўлса, текширув олиб бориш учун ўша сайлов округлари натижаларини кўриб чиқамиз", - деди у.

Айни вақтда, радикал диний партиялар Миллий мажлисда бирорта ҳам овозга эга бўлмаганлиги маълум бўлди. 

Сайловдан олдинги ваъдалар

Имрон Хоннинг сайловолди кампанияси ёш сайловчиларга қаратилганди – 200 миллион аҳолига эга Покистонда ёши 30 ошмаганлар 64%ни ташкил этади.

Компания даврида Хон тез-тез Америка ва Ҳиндистонга қарши нутқлар сўзлади. У мамлакатда коррупцияни йўқотишга, ўнлаб йиллар давомида Шариф ва Бхутто оилалари раҳбарлиги остидаги Покистон мусулмон лигаси ва Покистон халқ партияси бошқариб келган Покистон ўрнига "янги Покистон"ни ваъда қилди.  

"Мен халқ учун мўлжалланган тизим кишиси бўлишга ваъда бераман, бутун сиёсатимиз одамлар учун бўлади", - деди Хон 26 июль куни ўз ғалабасини эълон қилар экан. Хон шунингдек, бош вазирнинг расмий қароргоҳига кўчиб ўтмасликка, у "ўқув юрти ёки шунга ўхшаш муассасага айлантирилишига" ваъда берди. 
"Бундай катта уйда яшашга уялган бўлардим", - деди у.
У Ҳиндистон билан ярашишини ҳам эълон қилди.

"Агар қашшоқликка қарши курашишни истасак, у ҳолда Ҳиндистон билан савдо алоқаларини ривожлантиришимиз даркор", - деди у ва покистонликлар ҳинд халқини ҳаммадан яхшироқ билишларини айтди. Хон икки давлат Кашмир атрофидаги баҳсни ҳам ҳал қилишлари кераклигини билдирди.

У АҚШ билан "ўзаро манфаатли" ва "мувозанатга асосланган" алоқалар ўрнатилишини айтди ва қашшоқлар учун иш ўринлари яратишга ваъда берди.

Янги бош вазир олдида қандай вазифалар турибди.

Фото: EPA

Ҳукуматни шакллантириш учун Покистон халқ партияси ёки бир нечта кичик партиялар билан коалиция тузиш Имрон Хоннинг биринчи вазифаси бўлади.

Сўнгра у улкан қарз инқирози ва беқарор сиёсий муҳит муаммосини ҳал қилиши лозим. Ҳукумат шакллантирилиши кечикса, мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашиши мумкин. Инқирозни бартараф этиш учун Покистон ХВЖга мурожаат қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Имрон Хоннинг олдида Афғонистондаги толибларни қўллаб-қувватлашда айблаб ва Хитой Покистондаги кўп миллиардли лойиҳаларни молиялаштираётгани сабабли Исломободга ҳарбий ёрдамни қисқартирган АҚШ билан муносабатларни яхшилаш вазифаси турибди.

Мавзуга оид