Жаҳон | 18:21 / 04.11.2024
1859
1 дақиқада ўқилади

Покистонда ҳаво ифлосланиши меъёрдан 60 баравар ошгани сабабли мактаблар ёпилди

Лоҳур шаҳри маъмурияти офис ходимларининг ярмини масофавий ишлашга ўтказди, одамларни зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликка чақирди.

Фото: Reuters

Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри Лоҳур маъмурияти мактабларни ёпди ва фуқароларни ҳавонинг кучли ифлосланиши сабабли уйда қолишга чақирди, деб хабар берди Reuters.

IQAir мониторинг компанияси маълумотларига кўра, шаҳардаги ҳаво сифати «хавфли» даражада қолмоқда. Лоҳурда қон айланиш ва нафас олиш тизимларига зарар етказувчи, ифлослантирувчи PM2.5 зарралари концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган йиллик ўртача кўрсаткичдан 60 баравар юқори экани аниқланган.

Атроф-муҳитни транспорт воситаларидан ифлосланишини камайтириш учун офис ходимларининг ярми масофавий ишлашга ўтказилган. Расмийлар ҳаво сифатининг ёмонлашишини қўшни Ҳиндистондан ҳавони ифлослантирувчи шамоллар билан боғламоқда.

IQAir рейтингига кўра, айни пайтда Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳли ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳам «хавфли» даражада.

2 ноябрдан 3 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробар кўп бўлгани қайд этилган эди.

Мавзуга оид