Ўзбекистон | 19:04 / 04.08.2018
19179
3 дақиқада ўқилади

Абитуриентлар тест синовлари ўтказилаётган бинога қачон кириши керак?

4 август куни ҳам Ўзбекистондаги олийгоҳларга кириш имтиҳонларининг 3 куни давом этмоқда. Kun.uz мухбирлари имтиҳон жараёнида бевосита иштирок этаётган абитуриентлар, назоратчилар ва кузатувчиларнинг фикрига таяниб, жараённинг турли жиҳатлари ҳақида хабар бериб келмоқда.

Маълум қилинишича, 3 август куни ўтказилган тест синовларида 17та олий таълим муассасаларининг 89та таълим йўналишида 58 минг 533 нафар абитуриент иштирок этган, турли сабабларга кўра 1166 нафар абитуриент тест синовларига келмаган. Лекин тест синовларига келмаган абитуриентларнинг барчаси ростан ҳам тест ўтказилаётган бинога келмаганми?

Фарғоналик Қосимова Эътиборнинг таъкидлашича, у қизи Алия билан Тошкент давлат юридик университетига кириш учун тест синовлари ўтказилиши айтилган бинога соат 7:45да етиб келган.

«Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида қолганмиз. Тўсатдан кеч тушганда, қизимнинг тоби қочди. Кейинроқ, унинг овқатдан заҳарлангани маълум бўлди. Эрталаб тестга етиб келганимизда соат 7:45 эди, аммо бизни бинога қўйишмади», дейди она.

Тест ўтказилаётган бинода масъул этиб тайинланган ДТМ вакили Носир Эшонқулов масалага ойдинлик киритди. Расмий вакилнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 3 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

«​Қарорга кўра, абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 қадар келиши талаб этилади. Бундан кейин ҳеч ким киритилмайди»​, дейди у.

Демак, «айрим келмаган» абитуриентлар ҳам шу тоифадаги кечикканлардан бўлиши мумкин. Аммо, ушбу талаб имтиҳон ўтказилаётган ҳудудларнинг барчасида бирдек амалга оширилмаяпти. Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати биносида 1 август куни бўлиб ўтган имтиҳон жараёнларида айрим ноодатий хатти-ҳаракатлар Kun.uz тасвирида намоён бўлди.

Унда, соат 08:26 бўлишига қарамай, кечикиб келган абитуриентлар сусайтирилган шароитда назоратдан ўтказилди ва уларга имтиҳон биносига бориш йўли кўрсатилди. Бошқа бир назоратчининг ҳаракати бевосита ҳарбий хизматчига қилинган ишорани эслатади. Вазиятни синчковлик билан кузатган Kun.uz мухбири бино ҳудудига соат 8:00дан сўнг киритилган абитуриентлар барибир бинога қўйилмаганини аниқлади.

Мавзуга оид