Light | 21:17 / 05.08.2018
38347
2 дақиқада ўқилади

Шайх Хованд Тоҳур қандай зот бўлган?

Тошкент шаҳрининг туманларидан бири Шайхонтоҳур деб аталади. Жуда қадим тарихга эга бу манзилнинг номи ҳам ўзига яраша қадимий ва улуғдир. Хўш, халқ тилида Шайхонтоҳур, аслида Шайх Хованд Тоҳур исм-шарифли зот ким бўлган?

Тарихий манбаларда зикр этилишича, Шайх Хованд Тоҳур илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намояндаларидан бири бўлган. Бу зотнинг оталари асли Бўстонлиқ туманидаги Боғистон қишлоғидан бўлиб, ўз давридаги машҳур мутасаввиф Шайх Умар Боғистонийдир. Шайх Хованд Тоҳур илоҳиёт ва тариқат илмининг илк сабоқларини ўз падари бузрукворларидан олган.

Манбаларга кўра, Шайх Умар Боғистонийнинг насабномасига қараганда, ўн олти ота-бобо билан пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кейин халифалик маснадига ўтирган чаҳорёрларнинг иккинчиси - Ҳазрат Умар ибн Ҳаттобга бориб туташаркан.

Шайх Хованд Тоҳур 1355 йилда вафот этиб, ҳозирги Шайхонтоҳур мақбараси қад кўтарган жойга дафн этилган. Шайх дафн этилган мозор зиёратгоҳга айланган.

XV асрнинг иккинчи ярмида Хожа Аҳрор Валий Шайх Хованд Тоҳур қабрлари устига мақбара қурдиради. Маълумот учун, Хожа Аҳрор Валийнинг оналари Хожа Довуднинг қизлари бўлган. Хожа Довуд эса Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғиллари эди. Аммо мазкур мақбара замонлар ўтиши билан нураб, бизгача етиб келмаган. Ҳозирги мақбара эса эски мақбаранинг тарихи ва лойиҳаси асосида XIX асрда қайтадан қуриб тикланган. Бу табаррук гўша бугунги кунда обод мажмуага айлантирилган.