Ўзбекистон | 11:15 / 10.08.2018
37790
3 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: «Бош вазир ўринбосарлари институтини тугатиш керак»

Фото: Repost.uz

Кадрлар бўйича ўзгаришлардан бош айланиб кетмоқда. Мансабдорлар бир курсидан иккинчисига қандайдир ёруғлик тезлиги билан ўтказилмоқда, дейди иқтисодчи Юлий Юсупов.

«Эндигина тайинланди, эндигина масалани тушуна бошлади, боз устига бу соҳада илгари ишламаган, уни эса яна янги бир йўналишга ташлашмоқда. Кимнидир - кўтарилиш билан, кимнидир - пасайтириш билан, кимнидир - шунчаки горизонтал ҳолда (худди майдонда тепилаётган тўп каби, бир идорадан бошқасига). 

Тушунаман, давлат аппаратида кадрлар борасида жуда катта етишмовчилик бор. Мансабдорларнинг асосий қисми мутлақо ташаббуссиз бўлиб, бошлиқларининг буйруқларидан бошқа ҳеч нарсани қила олмайдилар. Бироқ, кадрлар бўйича ўзгаришлар бу муаммони ҳал қилмайди, фақатгина кучайтиради. Мансабдорлар эртага қайси курсига ўтказилишлари мумкинлигини билмаслиги ҳисобга олинса, улар деярли бир кунлик ҳаёт билан яшашмоқда: президент, бош вазир, вазир, ҳоким ва ҳоказоларнинг назарига тезроқ тушиш - кейинги ўзгаришларда пастга тушиб кетмаслик учун», - дея таъкидлайди у.

Юлий Юсуповнинг фикрига кўра, Ўзбекистон анча олдин ваъда қилинган маъмурий ислоҳотга муҳтож. Давлат бошқаруви органлари, биринчи навбатда, ижро этувчи ҳокимиятнинг барча функциялари ва ваколатлари тубдан қайта кўриб чиқилиши зарур. Вазирлар ўзларининг ҳаракатлар дастурларини амалга оширишда, кадрларни танлаш ва жойлаштиришда кенг ваколатларга эга бўлган сиёсий шахсларга айланишлари керак. Бу каби вазирларни шахсият бўйича эмас, балки дастурлар орқали танлаш даркор. Бош вазир ўринбосарлари институти, худди анахронизм (ўз замонасига мос келмайдиган эски қарашлар, урф-одатлар; эскилик, сарқит - таҳ.) каби, тугатилиши керак.

«Бош вазир йўқ бўлганида унинг вазифасини бажариб туриши мумкин бўлган битта бош вазир ўринбосари бўлса етарли. Барча ярим давлат ассоциациялари, концернлар, холдинглар ёки тижорат тузилмаларига, ёки давлат агентликлари ёхуд қўмиталарга айлантирилиши керак. Бошқарувни марказсизлаштириш лозим: маҳаллий ҳокимиятларнинг маҳаллий аҳолига бўйсунган ҳолда ҳуқуқларини кенгайтириш - жамоатчилик назорати ва сайловлар механизмлари орқали (бизда янги феодаллар пайдо бўлмаслиги учун). Ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар. Ҳаммасини қисқа хабарга сиғдириб бўлмайди.

Буларнинг бари ёки деярли барчаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясида бор. Аммо, афсуски, у ерда энг муҳим нарса йўқ - уни амалга ошириш механизмларининг тавсифи. Шу сабабдан ҳам маъмурий ислоҳотлар кадрлар ўзгариши билан алмашиб кетмоқда. Ислоҳотни қачон амалга ошира бошлаймиз?» - дея хулоса қилган у.

Эксперт машиналар нархи ҳақида: «Ўзимиз айбдормиз! Харидорлар сифатида эмас, фуқаролар сифатида»

Мавзуга оид