Жамият | 17:22 / 11.08.2018
19017
5 дақиқада ўқилади

Фарзанди ҳақи. Унга хиёнат қилиш инсонийликка хос эмас

Фото: Paypey

Бу ҳаётда ҳар бир киши чин инсоний бахт-саодат, фарзандлар меҳрини, аввало, оилада чуқур ҳис этади, бу бебаҳо неъматлардан куч-қувват олиб яшайди. Шу боисдан ҳам, халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни турли хил хавф-хатар ва иллатлардан ҳимоя қилиб келган.

Шунинг баробарида, ои­ла­вий қадриятларга беписандлик билан қа­раш, фарзандлар олдидаги масъулият­ни ҳис этмаслик ҳеч қачон изсиз кетмайди. Буни қуйидаги мисоллар ҳам тўлиқ тасдиқлайди.

Миришкор туманида яшовчи (исм-фамилиялар ўзгартирилди) Жамшид ҳамқишлоғи Гулнозага кўнгил қўйиб уйланди. Бироқ бир ёстиққа бош қўйиш ниятида турмуш қураётган ёшлар тўй тадориги олдидан қонуний никоҳдан ўтишни негадир хаёлларига келтиришмади. Бунга ота-оналари ҳам эъ­тиборсиз қа­рашди.

Улар "ҳали тўйдан сўнг никоҳдан ўтишга улгуришади", деб қў­йишди.

Буни қарангки, аввал-бошданоқ омонат қурилган бу оила кўп ўтмай дарз кетди. Ҳар кунги можаролардан безган Гулноза ҳомиладор ҳолда ота уйига қайтиб келди.

Қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг бу ёш оилани сақлаб қолиш учун қилинган барча уринишлари ҳам зое кетди.

Бу орада уларнинг фарзанди Дилсўз дунёга келгач, табиийки, чақалоққа гувоҳнома олишда муаммо туғилди. Нега­ки, улар ҳали-ҳануз қонуний никоҳдан ўтмаганди.

Шундан сўнг Гулноза фарзандини ёл­ғиз она сифатида ўз фамилия­сига ҳужжатлаштиришга мажбур бўл­ди. Афсуски, Жамшид фарзанди туғилгандан сўнг ҳам инсофга келмади. Аниқроғи, у оталик масъулиятини мутлақо унутиб қўйди.

Шундан сўнг Г. Аҳмедова судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Шу ўринда иккинчи бир мисолга эътибор қаратсак, ушбу туманнинг Майманоқ қишлоғида истиқомат қи­лувчи Адҳам ҳам шаръий никоҳ асосида турмуш ўртоғи Дилдора билан атиги бир йил яшади. Бу қис­қа муддат мобайнида Адҳамнинг кимлиги аён бўлиб қолди. Сабаби, у бир жойда ёлчитиб ишламас, устига-устак, баъзан ичиб келиб, Дилдорани ножоиз сўзлар билан ҳа­қоратлар, ҳатто унга қўл кўтаришгача бориб етарди.

Қисқаси, ичкилик туфайли ўзаро муносабатларга совуқчилик туша бошлади.

Носоғлом турмуш тарзи туфайли яна битта оила барбод бўлди.

Буни қарангки, Адҳам ўз фарзандини тан олишни истамади. Ноилож қолган Дилдора эса, ўз фамилиясида бўл­ган Талъатбекка нисбатан Адҳам Носировнинг оталигини белгилаш ҳамда унинг моддий таъминоти учун алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қил­ди.

Суд ҳар икки даъво талабларини ат­рофлича муҳокама этиб, уларни қаноатлантиришни лозим топди.

Чунончи, Оила кодексининг 62-моддаси 3-қисмида "оталикни белгилаётганда, суд боланинг онаси бола туғилганига қадар жавобгар билан бирга яшагани ва умумий рўз­ғор юритгани ёки улар болани биргаликда тарбиялашгани ёки жавобгарнинг оталикни тан олмаганини аниқ тасдиқловчи бошқа далиллар эътиборга олиниши" белгиланган.

Шунингдек, Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларга таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида ўзаро келишув бўл­маса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ёки бошқа даромадининг бир бола учун тўрт­дан бир қисми миқдорида ундирилади.

Суд юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, жавобгар Ж. Насимов ҳамда А. Носировнинг вояга етмаган фарзандлари Насимова Дил­сўз Жамшид қизи ҳамда Носиров Талъатбек Адҳам ўғлига оталикни белгилаш баробарида, ҳар икки жавобгарлардан фарзандлари таъминоти учун даъвогарлар Г. Аҳмедова ва Д. Ражабовалар фойдасига алимент ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Оила — жамият асосидир. Шундай экан, оила қуриш остонасида турган ҳар бир йигит-қиз, энг аввало, комил фарзандларни дунёга келтириб, уларни тарбиялашни ният қилар экан, умр йўлларида бунга риоя этсалар, болаларини меҳр ардоғида вояга етказсалар, келгусида, албатта, бунинг ширин мевасини тотишади. Аксинча, оилавий қадриятларга нописандлик билан қараб, фарзанд­лар олдидаги масъулиятни унутиш инсонийликка хос эмас.

Музаффар Раупов,
фуқаролик ишлари бўйича Касби тумани судининг раиси

Мавзуга оид