Телефон трубкасини кўтарганда нима учун “алло” деймиз?
Ҳозирда телефонни одатий буюм сифатида қабул қиламиз ва у орқали исталган мавзуда суҳбатлашамиз. Бироқ телефон суҳбатидаги илк сўзимиз деярли “алло” бўлади. У қаердан келиб чиққан ва нимани англатади?
Телефон ҳаётимизга эндигина жорий этилаётган вақтда янгиликдан фойдаланадиган ҳар бир одам аниқ регламентга амал қилиши лозим эди. Узоқ вақт давомида телефон ишбилармон ва таъсирга эга шахслар учун иш инструменти бўлган. Шунинг учун ҳар бир суҳбат илмий кашфиётни улуғловчи ҳодиса эди.
Александр Белл телефон кашфиётчиси саналади, бироқ бу аппаратнинг мукаммаллашуви ва оммалашувига америкалик кашфиётчи Томас Эдисон катта ҳисса қўшди. Айнан у ер шарининг ярмида телефондаги суҳбат бошланадиган сўзни анча олдин аниқлаб берди.
1877 йилнинг августида Томас Эдисон йирик телеграф компанияларидан бирининг президенти билан ёзишмаларни амалга оширарди. Овоз сигналларини етказиш ва қабул қилиш учун қурилма ёрдамидаги музокараларни регламентлаш асосий мавзулардан бирига айланди. Суҳбатларни бошлаш учун Эдисон “hullo” сўзини таклиф қилди. Телефон кашфиётчиси Александр Белл эса “ahou” (икки кема жамоаси сувда кўришганида инглиз тилида бир-бири билан “денгизча” саломлашиш)дан фойдаланишни тарғиб қиларди. Кўриб турибмизки, биринчи вариант омма орасида кенг тарқалди. Бундан чиқдики, “алло” “hullo”нинг русча талаффуздаги шакли.
Бу қизиқ: ҳамма мамлакатларда ҳам “hullo” урфга айланмади. Масалан, Японияда трубка кўтарилганда “Моси моси” (“гапиряпман-гапиряпман”), Грецияда “Паракало” (“илтимос қиламан”), Испанияда “дига” (“гапиринг”) дейишади.