Узоқ вақтдан бери Ўзбекистоннинг анклав ва эксклав, яъни  ҳудудини юз фоиз бошқа мамлакат ери ўраб турувчи Фарғона вилояти, Сўх туманига бориб, ўқувчилар учун аҳолининг турмуши, бугунги куни ва муаммолари ҳақида мақола тайёрлашни режалаштирган эдик. Ниятимиз ёзнинг иссиқ кунларида амалга ошди.  

Келинг, аввал сиз билан “анклав” атамасига ойдинлик киритиб олсак... Анклав (франц. enclave, лот. inclavare — қулфлаб олиш) – бир давлатнинг ҳамма томондан бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди ёки ҳудудининг бир қисми. Фарғона вилоятига қарашли Сўх, Чўнғара, Шоҳимардон, Қалача ҳудудлари Ўзбекистон эксклавлари бўлиб, Қирғизистон Республикаси учун анклав ҳисобланади.

Айтиб ўтай, бу иккинчи ва якуний мақола. Сарҳадларимиздан йироқдаги туман ҳақидаги биринчи мақоламизда чегарадан ўтишдаги юракни сиқадиган муаммолар, Қирғизистон чегарачиларидан ўтиш учун олинадиган “билет”, Боткен йўли машмашалари ва Сўхга етиб борганимизга тўхталган эдик.

Бугунги материалда эса анклав туман аҳолисининг ҳаёт тарзи ва икки долзарб муаммосини ёритамиз.

Мо зодаи кўҳи баландем, ба мо пасти намезебад

80 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи Сўх туманида фаолият олиб борадиган ИИБ ходимларига иш деярли кам топилади. Сабаби, ҳудуд одамлари қадим-қадимдан турли жиноятчиликдан йироқ яшашган. Ўғрилик, фирибгарлик деярли кузатилмас экан.  Бу ерда: “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол ҳақиқатда амалда.

Туман аҳолиси деярли 100 фоиз тожикзабон. Маҳаллий газета шиори ҳам ўзгача: “Мо зодаи кўҳи баландем, ба мо пасти намезебад”. Ўзбекчага баҳоли қудрат ўгириб кўрдим: “Баланд тоғликлар авлодимиз, паст кетиш бизга ярашмас”. Сўхлик деганининг ғурури худди тоғдек юксак келади.

«Бобурнома»да 1493 йил воқеалари қаламга олинар экан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тақдир тақазосига кўра «Сўх ва Ҳушёр кўҳпояларига келиб, бир йилча ёвуқ» яшаганини орзиқиш ила хотирлайди. Ўша вақтларда ҳам Сўхда маънавият, маърифат, маданият ривож топганини билиш мумкин.

Ҳозир Сўх тумани тараққиёт йўлида.  Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари бор. Аҳоли асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Ўтган гал айтганимиздек, боғдорчилик, сабзавот уруғчилиги ривожланган. Картошканинг энг зўрини Сўхдан топасиз.