Озодбек Мўйдинов Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиожарроҳлик бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди. У айни пайтда юрак касалликлари билан оғриган болаларни жарроҳлик йўли билан даволаб келмоқда. Шифокор Kun.uz мухбири билан суҳбатда операция жараёнининг мураккаб томонлари, болаларда учраётган касалликлар, соҳанинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида сўзлаб берди.
“Шифокорлик соҳасига, айниқса, хирургияга қизиқиш болаликдан бошланди. Юрак жарроҳлиги бўйича институтга кирдик...
Йўналишим бўйича Россияда таҳсил олдим, Беларус ва кўпроқ Украина давлатларида ҳам бўлдим. Тажриба орттириб юртимизга қайтиб келдим ва энди Фарғонадаман.
Чет элда юрган кўплаб ватандошларимизни юртга чақириб бирга ишлаш таклифини бердим, лекин улар негадир қайтишмади...

Илк операцияни ассистентлар билан 2017 йилда бошлаганмиз; қўрқув бўлган, албатта. Юрак операциясини кичик тирқиш орқали, яъни юракни тўхтатмасдан қилганмиз ўшанда.
Хирургия соҳасида, агар қўрқув бўлса, бир нарсага эриша олмайсиз. Умримизнинг тўқсон фоизи шифохонада ўтади. Кўп шифокорлар ўз оиласига жуда кам вақт ажратади, чунки ота-оналар болаларини бизга ишониб топширади. Уларнинг ишончини оқлашимиз шарт. Агар бу ишончни суиистеъмол қилсак, бундан ёмони йўқ. Болажонларимизнинг дардига малҳам бўлолмаймиз.

Шифокор масъулияти алоҳида мавзу. Операцияни қилиб бўлиб, “бўлди, кетди энди” дейиш бу хиёнат. Кўчада темир ёки машина бўлса, уриб юборсангиз, янги машина олиб берасиз, лекин инсонни ҳаётга қайтариш жуда мушкул. Хирургнинг қаҳри қаттиқ дейишади. Тўғри, қаҳри қаттиқ бўлиши керак, чунки кўп нарсани кўнглига оладиган бўлса, жарроҳ ҳам касал бўлиб қолади ёки бошқа нарсаларга берилиб кетади.
Отам кўп гапирадилар: “Ҳамма нарса Аллоҳдан, пешонасига нима ёзилган бўлса, ўшани кўради.” Ҳар операцияга кирганимда “Бисмиллоҳ”ни айтиб, Аллоҳга таваккал қиламан. Ишимнинг ривожини бергин, болажонимизни эсон-омон ота-онаси бағрига яхши ҳолатда қайтаришимга ёрдам бер”, деб бошлайман.









