Ўқувчи ва ўқитувчи орзуси: Финляндия таълим тизими
Нуфузли Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан уч йилда бир ўтказилувчи халқаро тадқиқотларга кўра, финляндиялик мактаб ўқувчилари дунёдаги энг юқори билимлар даражасини намойиш этишади. Улар шунингдек дунёдаги энг кўп китоб ўқувчи болалар ҳамдир. Бундан ташқари, финляндиялик мактаб ўқувчилари табиий фанлар бўйича - дунёда иккинчи, математика бўйича эса бешинчи ўринни эгаллашади. Бироқ педагогик жамиятни қувонтирадигани биргина бу натижалар эмас. Шуниси ажабланарлики, дунё миқёсида юқори кўрсаткичларни қайд этишларига қарамай, финляндиялик мактаб ўқувчилари дарсларга у қадар кўп вақт ажратишмайди.
Финляндияда ўртача мажбурий умумтаълим тизими икки босқичли мактабни ўз ичига олади:
— қуйи (alakoulu), 1-6 синф;
— юқори (yläkoulu), 7-9 синф.
Қўшимча 10-синфда ўқувчилар ўз баҳоларини яхшилашлари мумкин. Сўнгра болалар ё профессионал коллежга йўл олишади, ёки лицей (lukio)да ўқишни давом эттиришади.
Финляндия таълими "ўрта" босқичининг 7 тамойили:
1. Тенглик
– Мактаблар
Мамлакатда на элита ва на "бўшроқ" мактаблар бор. Финляндиядаги энг йирик мактабда 960 нафар ўқувчи таълим олади. Энг кичигида эса - 11 нафар. Барча мактаблар мутлақо бир хил жиҳозланган, бирдек имкониятларга эга ва бир хил молиялаштирилган. Деярли барча мактаблар - давлат мактаблари бўлиб, ўнлаб хусусий мактаблар бор. Уларнинг ота-оналар қисман тўлов киритишларидан ташқари яна бир фарқи - ўқувчиларга бўлган талабнинг юқорилигида. Қоидага кўра, бу ўзига хос "педагогик" лабораториялар: Монтессори, Френ, Мортан и Вальдорф мактаблари. Инглиз, немис ва француз тилларида таълим берилувчи ўқув муассасалари ҳам хусусий ҳисобланади.
Финляндияда тенглик тамойилига риоя қилган ҳолда швед тилидаги параллель таълим тизими мавжуд - боғчалардан тортиб то университетларгача. Саам халқининг манфаатлари ҳам унутилмаган, мамлакат шимолида она тилида таълим олиш мумкин.
Яқин вақтларгача финларга мактаб танлаш тақиқланган эди, болалар шунчаки энг яқин орадаги мактабга чиқишарди. Тақиқ бекор қилинди, лекин ота-оналарнинг аксарияти барибир болаларни яқин орадаги таълим муассасасига беришни маъқул кўришмоқда, зеро Финляндияда барча мактаблар бирдек яхши.
– Барча фанлар
Бир фаннинг бошқаларидан чуқурроқ ўргатилиши мақсадга мувофиқ эмас. У ерда, масалан, математика санъатдан муҳимроқ ҳисобланмайди. Аксинча, қобилиятли болалар учун алоҳида синфлар ташкил қилинишига ягона сабаб уларнинг тасвирий санъат, мусиқа ва спортга мойиллиги бўлиши мумкин.
– Ота-оналар
Ўқитувчи ўқувчисининг ота-онаси ким бўлиб ишлашини охирги навбатда, зарурарт туғилгандагина билади. Ўқитувчиларга ота-оналарнинг иш жойига доир саволлар бериш тақиқланган.
– Ўқувчилар
Финлар ўқувчиларни хусусиятлари ёки танловларига қараб таснифлашмайди.
Шунингдек, "яхши" ва "ёмон" ўқувчилар ҳам йўқ. Ўқувчиларни бир-бирига таққослаш тақиқланган. Даҳо болалар ҳам, ақлий салоҳияти бўшроқ болалар ҳам "ўзига хос" ҳисобланиб, барча билан бирга ўқишади. Умуман олганда, жамоада ногиронлиги бўлган болалар ҳам таълим олади. Оддий мактабда кўриш ва эшитиш органлари касалликлари бўлган ўқувчилар учун синф ташкил қилинган бўлиши мумкин. Финлар алоҳида муносабатга талабгор инсонларни жамиятга максимал даражада интеграция қилишга ҳаракат қилишади. Билими кучли ва бўш ўқувчилар орасидаги фарқ - жуда кичик.
– Ўқитувчилар
Ўқитувчилар ҳам болаларга бор меҳрини беради, "севимлилар" ажратилмайди. Қоидадан ҳар қандай четга чиқиш бундай ўқитувчи билан шартнома бузилишига олиб келади. Фин ўқитувчилари фақат таълим берувчи вазифасини бажаришлари керак. Жамоада барча ўқитувчилар - физиклар ҳам, адабиётчилар ҳам, меҳнат ўқитувчилари ҳам бирдек тенг.
– Катта ёшли кишилар (ўқитувчилар, ота-оналар) ва болалар ҳуқуқлари тенглиги
Финлар бу тамойилни "ўқувчига ҳурмат" деб аташади. Болаларга 1-синфдан уларнинг ҳуқуқлари тушунтирилади, ижтимоий хизматчига катта ёшлилар устидан шикоят қилиш ҳам шулар жумласидандир. Бу финляндиялик ота-оналарни уларнинг фарзанди - мустақил шахс эканини, уларга сўз билан ҳам, "қамчи" билан ҳам озор етказиб бўлмаслигини тушунишга рағбатлантиради. Финляндия меҳнат қонунчилигига кўра, педагог ўз касбидан келиб чиқиб ўқувчини тахқирлашга ҳаққи йўқ. Барча ўқитувчилар фақат 1 йилга шартнома имзолашади, бу муддатни узайтириш ҳам, тўхтатиш ҳам мумкин. Ўқитувчиларга жуда яхши маош тўланади: фан ўқитувчиси - 5000 еврогача, ёрдамчи - 2500 еврогача.
2. Бепул
Ўқишнинг ўзидан ташқари қуйидагилар бепул:
– тушлик;
– экскурсиялар, музейлар ва синфдан ташқари ҳар қандай фаолият;
– болани уйидан олиб кетувчи ва қайтарувчи транспорт, агар энг яқин мактаб 2 километрдан узоқда бўлса;
– ўқув дарсликлари, барча ўқув қуроллари, калькуляторлар ва ҳатто планшет-ноутбуклар.
Ҳар қандай мақсадлар учун ота-оналардан пул йиғиш тақиқланади.
3. Индивидуаллик
Ҳар бир бола учун индивидуал таълим ва ривожланиш режаси тузилади. Индивидуаллик ўқувчилар томонидан фойдаланилаётган дарсликлар мазмуни, машғулотлар, синф ва уй ишлари сони ҳамда уларга ажратилаётган вақт, шунингдек таълим материалига ҳам тегишли.
Бир синфнинг ўзида дарсда болалар турли мураккабликдаги машқларни бажаришади. Баҳолаш тизими ҳам персонал даражага мувофиқ. Агар "одатий" машқ аъло баҳога бажарилса, эртасига юқорироқ даражали машқ берилади, мободо уддасидан чиқа олмаса, ҳечқиси йўқ, яна оддий машқ берилади.
Финляндия мактабларида оддий таълим билан бир қаторда таълим жараёнининг икки ноёб тури мавжуд:
"Бўшроқ" ўқувчилар таълимини қўллаб-қувватловчи — бу бошқа мамлакатларда репетиторлар бажарадиган иш. Финляндияда репетиторлик кенг тарқалган таълим усули ҳисобланмайди, мактаб ўқувчилари дарс вақтида ёки ундан кейин керакли ўқувчиларга қўшимча ёрдам кўрсатишади.
Коррекцион таълим — материални ўзлаштиришдаги умумий барқарор муаммолар билан боғлиқ. Масалан, бу таълим олиб борилувчи фин тилини тушунмаслик ёки эслаб қолиш ё математик қобилиятининг яхши эмаслиги, ёхуд баъзи болаларнинг асоциал хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Коррекцион таълим кичик гуруҳларда ёки индивидуал тарзда ўтказилади.
4. Амалиёт
"Ё ҳаётга тайёрлаймиз, ёки — имтиҳонларга. Биз биринчисини танлаймиз", - дейди финлар. Шунинг учун Финляндиядаги мактабларда имтиҳонлар йўқ. Назорат ишлари ва оралиқ тест синовлари - ўқитувчининг қарорига қараб белгиланади. Умумтаълим мактабини тугаллашда фақат биргина мажбурий стандарт тест ўтказилади. Шуниси диққатга сазоворки, ўқитувчилар унинг натижалари учун алоҳида қайғуришмайди, тест натижалари учун бировнинг олдида жавоб ҳам беришмайди, болалар ҳам унга махсус тайёргарлик кўришмайди: борига барака.
Финляндия мактабларида ҳаётда керак бўладиган билимлар берилади. Масалан, бирор бир қурилманинг тузилиши уларга керак бўлмайди, уни ўрганишмайди ҳам. У ердаги болалар болаликдан портфолио, шартнома, банк картаси нима эканини яхши билишади. Меросдан солиқ фозини ёки келгусидаги даромадларини ҳисоблай олишади, интернетда ташриф-сайтини ярата олишади ва ҳ.к.
5. Ишонч
Биринчидан, мактаб ходимлари ва ўқитувчилар учун турли текширувлар йўқ, ўқувчиларга таълим беришга доир турли услубларни ўргатувчилар ҳам йўқ. Мамлакатда таълим дастури ягона, фақат умумий тавсиялар бор, холос. Ҳар бир педагог ўзи тўғри деб билган услубни қўллайди.
Иккинчидан, болаларга бўлган ишонч: дарсларда ўқувчи ўзини қизиқтирган иш билан шуғулланиши мумкин. Масалан, адабиёт дарсида ўқув фильми намойиш этилаётган бўлса-ю ўқувчига бунинг қизиғи бўлмаса, у китоб ўқиб ўтириши мумкин. Ўқувчи ўзи учун нима фойдали эканини ўзи танлайди.
6. Истак-хоҳиш
Ўқишни истаган одам ўқийди. Педагоглар ўқувчининг эътиборини қаратишга ҳаракат қилишади, лекин унинг ўргатилаётган фанга қизиқиши ёки қобилияти бўлмаса, дарров "икки" баҳо билан "сийлашмайди", болани келгусида унча мураккаб бўлмаган, амалий жиҳатдан фойдали бўлган касбга йўналтиришади. Ҳамма ҳам самолёт ихтиро қилиши шарт эмас, автобусларни ҳам кимдир бошқариши керак-ку, ахир!
Бунга ҳам ўрта мактабда чора кўрилади - муайян ўсмир лицейда билимларини давом эттириши керакми ёки олган билимлари етарлими, профессионал касб-ҳунар мактабига бориш керакдир, эҳтимол. Таъкидлаш жоизки, бу икки йўл ҳам мамлакатда бирдек қадрланади.
Ҳар бир боланинг у ёки бу фаолиятга мойиллигини аниқлаш "келажак ўқитувчиси" томонидан тест ва суҳбатлар йўли орқали амалга оширилади.
Умуман олганда, Финляндия мактабида таълим жараёни юмшоқ, бироқ бу мактабни жиддий қабул қилмаса ҳам бўлади, дегани эмас. Мактаб режимига риоя қилиш мажбурий. Барча ўтказиб юборилган дарсларда қайта ўтиришга тўғри келади. Масалан, ўқитувчи 6-синф ўқувчиси учун ўз жадвалидан "бўш соат"ни белгилайди ёки 2-синфнинг дарсига кириб ўтиради. Дарс қиладими, зерикиб ўтирадими, ўзига ҳавола. Кичик ёшлиларга халақит берса, бу ҳисобга ўтмайди, яна бошқа соатда қайта ўтиришга тўғри келади.
Ўқитувчи берган вазифани бажармаган, дарсда ишламаган боланинг ота-онаси мактабга чақиртирилмайди, танбеҳ ҳам берилмайди, ақлий қолоқликда айбланмайди ҳам. Агар ота-она ҳам фарзандининг бундай хатти-ҳаракатларига бефарқ қараса, бола шунчаки кейинги синфга ўтмайди.
Финляндияда бир синфда иккинчи йилга қолиш уят ҳисобланмайди, айниқса 9-синфдан кейин. Катта ҳаётга жиддий тайёргарлик кўриш лозим, шунинг учун фин мактабларида қўшимча (мажбурий эмас) 10-синф бор.
7. Мустақиллик
Финляндияда мактаб болани энг асосийси - мустақил муваффақиятли ҳаётга ўргатиши керак дея ҳисобланади. Шу боис у ерда фикр юритиш ва ўз хоҳишига кўра билим олишга ўргатилади. Ўқитувчи янги мавзуларни сўзлаб ўтирмайди - барчаси китобда бор. Ёд олинган формулалар эмас, маълумотномадан, матндан, интернетдан, калькулятордан фойдаланиш - жорий муаммолар ечимини топиш учун керакли ресурсларни жалб қилишни билиш муҳим.
Шунингдек, мактабдаги педагоглар ўқувчилар ўртасидаги можароларга ҳам аралашишмайди, уларга ҳаётий вазиятларга мустақил тайёрланиш ва ўзлари учун жавоб бериш масъулиятини ривожлантириш имкони берилади.
Финляндия мактаблари бир хил бўлса-да, улардаги ўқув жараёнлари турлича ташкил қилинган.
Қачон ва қанча вақт ўқилади?
Финляндияда ўқув йили августда бошланади, яъни 8 августдан 16 августгача, ягона кун йўқ. Ўқув йили май ойи охирида якунланади. Кузги ярим йилликда 3-4 кунлик таътил бор, шунингдек Рождество муносабати билан 2 ҳафталик таътил берилади. Баҳорги ярим йиллик февраль ойидаги "чанғи" таътилини ҳам ўз ичига олади, бунда фин оилалари, қоидага кўра, оилавий чанғи учишга боришади. Бундан ташқари, баҳорги ярим йилликда Пасха таътили ҳам бор.
Таълим - беш кунлик, фақат кундузги сменада. Жума - қисқартирилган кун.
Нима ўрганилади?
1–2 синф:
Она (фин) тили ва ўқиш, математика, табиат, дин (эътиқодига қараб) ёки ҳаётий тушунчалар (динга қизиқмайдиганлар учун), мусиқа, тасвирий санъат, меҳнат ва жисмоний тарбия. Бир дарсда бирйўла бир неча фан ўтилиши мумкин.
3–6 синфлар:
Инглиз тили ўргатила бошланади. 4-синфда - танлов асосида яна бир чет тили: француз, швед, немис ёки рус тиллари. Қўшимча фанлар киритилади (танлов асосида, ҳар бир мактабда ҳар хил): клавиатурада ишлаш тезлиги, компьютер билимлари, дарахт билан ишлаш, хор ижроси. Деярли барча мактабларда мусиқий асбобларда ўйнашни ўргатишади, болалар 9 йиллик таълим давомида барча мусиқий асбобларида ўйнашни машқ қилиб кўришади.
5-синфда биология, география, физика, кимё ва тарих қўшилади. 1-синфдан 6-синфгача деярли барча фанлардан бир ўқитувчи киради. Жисмоний тарбия дарси ҳафтада 1-3 марта исталган спорт ўйини шаклида ўтади (мактабнинг танлови асосида). Дарсдан кейин душ қабул қилиш мажбурий. Адабиёт бизнинг тушунчамиздагидек ўқитилмайди, бу кўпроқ шунчаки ўқишни эслатади.
Фан ўқитувчилари фақат 7-синфдан кира бошлайди.
7–9 синфлар:
Фин тили ва адабиёти (ўқиш, ўлка маданияти), швед, инглиз тили, математика, биология, география, физика, кимё, саломатлик асослари, дин (ёки ҳаётий тушунчала мусиқа, тасвирий санъат, жисмоний тарбия, танлов асосидаги фанлар ва меҳнат (ўғил ва қиз болалар ажратилмайди). Барча бирдек шўрва тайёрлашни ва арралашни ўрганади. 9-синфда икки ҳафта давомида "меҳнат ҳаёти" билан танишилади. Болалар ўзлари учун истаган "ишчи ўрни"ни топиб, катта иштиёқ билан "ишга" боришади.
Баҳо кимга керак?
Мамлакатда 10 баллик тизим қабул қилинган, аммо 7-синфгача фақат сўзда баҳо қўйилади: ўртадан пастроқ, қониқарли, яхши, аъло. 1-3 синфларда умуман ҳеч қандай кўринишдаги баҳолар йўқ.
Финляндияда барча мактаблар «Wilma» давлат электрон тизимига уланган, бу электрон мактаб кундалигидек гап, ҳар бир ота-она унга кириш учун шахсий кодга эга. Педагоглар баҳо қўйиб, давоматни белгилаб, боланинг мактабдаги ҳаёти ҳақида хабар бериб боришади; шунингдек психолог, ижтимоий хизматчи, "келажак ўқитувчиси", фельдшер ҳам у ерда керакли маълумотни қолдиради.
Фин мактабларида баҳолар хавотир уйғотмайди, улар фақат ўқувчининг ўзи учун керак, қўйилган мақсадга эришишда болага мотивация бериш ва ўзини текшириш учун қўлланилади. Баҳолар ўқитувчи, мактаб нуфузига таъсир кўрсатмайди ва ҳеч қандай кўрсаткичларини бузмайди.
Мактаб ҳаётига доир бошқа тафсилотлар
Мактаблар ҳудуди ўралмаган, кираверишда қўриқчилар йўқ. Аксарият мактабларнинг кириш дарвозаси автоматик тизимга эга, бинога дарслар жадвали асосида кириш мумкин.
Дарсда болалар парта ва столда ўтириши шарт эмас, полда (гиламда) ўтириш ҳам мумкин. Баъзи мактабларда синфлар диван ва креслолар билан жиҳозланган. Кичик мактаб иншооти гиламчалар билан таъминланган.
Форма йўқ, кийимга нисбатан қандайдир талаблар ҳам йўқ, истаган кийимда келиш мумкин. Алмаштириш учун қўшимча пойабзал талаб қилинади, лекин кичик ва ўрта звенодаги болалар пайпоқда юришни маъқул кўришади.
Илиқ ҳавода дарслар кўпинча очиқ ҳавода мактаб олдида, майсалар устида ёки махсус жиҳозланган қаторларда ўтказилади. Танаффус вақтида кичик мактаб ўқувчилари албатта кўчага олиб чиқилади.
Уй вазифалари камдан-кам берилади. Болалар дам олишлари керак. Ота-оналар болалар билан дарс қилишга мажбур эмас, бунинг ўрнига педагоглар музей, ўрмон ёки сузиш ҳавзасига оилавий боришни тавсия қилишади.
"Доска олдида" ўқитиш усули қўлланмайди, болалар материални сўзлаб бериш учун доска олдига чақирилмайди. Ўқитувчи дарсга умумий тус беради, сўнгра ўқувчилар орасида юриб, уларга вазифаларни бажаришга ёрдам беради ва жараённи назорат қилади. Ўқитувчининг ёрдамчиси (фин мактабларида ўқитувчи ёрдамчилари ҳам бўлади) ҳам худди шу иш билан банд бўлади.
Дафтарга қалам билан ёзиш ва қанча хоҳласа, шунча ўчириш мумкин. Ўқитувчи ҳам вазифани қаламда текшириши мумкин.
Финляндия мактабларидаги таълим тизими қисқа сатрларда мана шундай. Эҳтимол, у кимгадир нотўғридек туюлиши мумкин. Финлар мукаммалликка даъвогарлик қилишмайди ва эришилган ютуқлар билан чекланиб қолишмайди, ҳатто энг яхши тизимда ҳам камчиликлар бўлиши мумкин. Улар мамлакатдаги мактаб тизими жамиятдаги ўзгаришларга қанчалик тўғри келишини доимий равишда тадқиқ қилишади.
Шуниси қувонарлики, финларнинг фарзандлари тунда асабий зўриқишдан уйғонмайди, тезроқ катта бўлишни орзу қилмайди, уларда мактабга нисбатан нафрат йўқ, ўқувчилар навбатдаги имтиҳонларга тайёрланиб, ўзлари ва бутун оила аъзоларини қийнамайди. Хотиржам, сермулоҳаза ва бахтли фин болалари китоблар мутолаа қилишади, таржимасиз (оригинал тилда) фильмлар кўришади, компьютер ўйинлари ўйнашади, ролик ва велосипедларда учишади, мусиқа ва театр пьесалари яратишади, қўшиқ куйлашади. Улар ҳаётдан қувониб яшашади ва бунинг орасида таълим олишга ҳам улгуришади.
Мавзуга оид
23:18 / 23.11.2024
Finnair иш ташлашлар туфайли 300 га яқин рейсини бекор қилади
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
21:33 / 18.11.2024