Жаҳон | 18:09 / 14.08.2018
3410
3 дақиқада ўқилади

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмасининг Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлган Чарм-пойабзал соҳаси муҳандис-техник ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Ўқув марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

чарм-пойабзал, терини қайта ишлаш, мўйначилик, қоракўлчилик соҳаси муҳандис-техник ходимларини замонавий талаблар асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

илғор тажрибаларни, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг чарм-пойабзал, терини қайта ишлаш, мўйна ва қоракўл терисига ишлов бериш соҳасидаги тажрибаларини умумлаштириш ва оммалаштириш;

ўқув жараёнини замонавий услублар ва инновацион усулларда ташкил этиш;

дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва илмий-методик ишланмаларни тайёрлаш;

ўқув жараёнларига юқори малакали профессор-ўқитувчи кадрларни, хорижий маслаҳатчиларни, экспертларни ва соҳада амалий иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассисларни жалб этиш;

таълим муассасаларида соҳанинг юқори малакали мутахассислари томонидан махсус фанлар ҳамда чарм-пойабзал, терини қайта ишлаш ва мўйначилик тармоқларининг долзарб масалалари бўйича машғулотлар ўтказишни, маърузалар ўқишни (жумладан соатбай тўлов шартларида) жорий этиш;

соҳа йўналишлари бўйича илмий конференциялар ва семинарлар ташкил этиш.

Белгиланишича, Ўқув маркази директори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан келишилган ҳолда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан тайинланади.

Ўқув маркази фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:

Давлат бюджетида Ўқув маркази учун назарда тутиладиган маблағлар;

соҳа корхоналари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун тўлов-контракт асосида корхоналар томонидан ўтказиб бериладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

хўжалик фаолияти ва шартномалари асосида кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган маблағлар;

илмий-ўқув, ўқув-методик, илмий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид