Спорт | 20:20 / 14.08.2018
30320
2 дақиқада ўқилади

Усмонов бошқа футбол клубларига инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилди

Фото: Андрей Рудаков / Bloomberg

Россиялик миллиардер, бойлиги 12,5 миллиард долларга баҳоланган Алишер Усмонов футбол учун инвестиция қилишнинг янги вариантларини кўриб чиқмоқда. Бу унинг ўзи Bloomberg агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Август ойи бошида Усмонов «Арсенал»даги акцияларини (30,3 фоиз) клуб акцияларининг 67 фоизига эгалик қилувчи америкалик миллиардер Стэн Кронкега сотишга рози бўлганди.

Усмоновнинг айтишича, «Арсенал» акциялари сотувидан кейин унга клублардан кўплаб таклифлар келиб тушган. Хусусан, у Англиянинг бошқа бир клуби - «Эвертон»га инвестиция қилиш эҳтимолини инкор этмаяпти. Ушбу клуб акцияларининг асосий қисми россиялик миллиардернинг бизнес ҳамкори, эронлик миллиардер Фарҳод Моширига тегишли ҳисобланади.

«Биз Фарҳод Мошири билан дўстмиз. Агар қўллаб-қувватловим керак бўлса, мен мамнуният билан ёрдам бераман», деган у.

Шунингдек, унинг қизиқишлари доирасида «Милан», «Рома» ёки «Бавария» каби клублари ҳам турибди.

«Агар катта даромад қилиш имкониятлари бор таклифлар бўлса, келишув тузишим мумкин», деган Усмонов.

Усмонов «Арсенал»даги 30 фоизлик акциясини Стэн Кронкега 550 млн фунт эвазига сотган. 

«Мен «Арсенал»дан улуш сотиб олганимда, мен футбол брендлари фойда келтиришига ишонгандим. Айнан шундай бўлди», — деган Усмонов.

Мавзуга оид