Ўзбекистон | 21:52 / 15.08.2018
13085
4 дақиқада ўқилади

«АрМИ—2018» ниҳоясига етди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар жами 6 та совринли ўринларга эгалик қилди (фотогалерея)

IV Халқаро армия ўйинлари ниҳоясига етди. “Ҳарбий олимпиада” номини олган халқаро мусобақада иккинчи бор иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 6 та совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилда Халқаро армия ўйинлари 28 йўналиш бўйича ўтказилган бўлиб, унда дунёнинг 32 мамлакатидан келган ҳарбийлар иштирок этди. Ўтган йили 8 та йўналишда қатнашиб, 5 та совринли ўринга эга чиққан Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, бу сафар 12 йўналишда қатнашди. Хусусан, 200 нафардан ортиқ Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари «Артиллерия ўт очиш усталари» (2-ўрин), «Қўшин разведкаси аълочилари» (3-ўрин), «Йўл патрули» (3-ўрин), «Ҳарбий ралли» (3-ўрин), «Қуролсоз уста» (3-ўрин), “Хавфсиз маршрут” (3-ўрин), «Содиқ дўст», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Эльбрус ҳалқаси», «Мерганлик марраси», «Мусаффо осмон», «Дала ошхонаси», «Ҳамдўстлик жангчиси» танловларида хорижий армияларнинг энг сара вакилларига муносиб рақобат қилишди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, «Ҳарбий-тиббий эстафета» беллашувида иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий поликлиника терапевт-шифокори, тиббий хизмат капитани Лариса Холмаматова ҳарбий шифокорлар ўртасида ўтказилаётган “Махсус кўникмалар” шартида иккинчи ўринга лойиқ топилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

“Қўшин разведкаси аълочилари” танловида иштирок этган ўзбекистонлик қўшин разведкачилари 3,3 сония кўрсаткич билан амалдаги меъёрдан икки баробар тезроқ вақт ичида гуруҳ таркибида газниқобларни кийиш синовини бажарди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Хавфсиз маршрут» беллашувида иштирок этган сержант Шермат Давронов биринчи уринишдаёқ пиёдаларнинг ҳаракатини чеклашга мўлжалланган минани аниқлаб, уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлгани учун ҳакамлар томонидан «Ўз ишининг устаси» номинциясига лойиқ деб топилди ва рағбатлантирилди.

«Мерганлик марраси» йўналишининг финал эстафетасида танловдан ташқари иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбийлар барча жамоалардан олдинга ўтиб, 10 дақиқаю 57 сонияда рекорд натижани қайд этди. 4-босқич — “Мерганлар дуэли”да қатнашган оддий аскар С.Рабимов 2-ўринни эгаллаб, эсдалик мукофоти билан тақдирланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари Москва вилоятининг Дмитров шаҳрида ўтказилган кинология хизмати итлари ўртасидаги «Содиқ дўст» танловнининг 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий хизмат итлари питомниги ҳарбий хизматчиси Шокир Жўраевнинг «Гита» лақабли хизмат ити 1 дақиқаю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар умумжамоа ҳисобида «АрМИ—2018»нинг 32 иштирокчи-мамлакат ўртасида олтинчи ўринни эгаллашди. 

Шу билан бирга Москвада «АрМИ—2018» доирасида ўзбек миллий ҳунармандчилиги намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ташриф буюрувчилар ўзбек миллий ҳунармандчилиги маҳсулотларини юқори баҳолади ва, албатта, келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш иштиёқида эканлигини билдирди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мавзуга оид