Спорт | 20:00 / 16.08.2018
7020
2 дақиқада ўқилади

Равшан Ҳайдаров: Бугунги натижадан ҳаволаниб кетмасликка ҳаракат қиламиз

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё ўйинлари турнирида гуруҳ босқичининг иккинчи турида Қатар олимпиячиларини 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ва жамоа сардори Рустам Ашурматов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этишди.

«Бугун турнирдаги илк стратегик вазифани бажардик. Бу билан барчани табриклайман.

Футболчилар ўйин учун тайинланган режаларни бажаришди. Бир неча кундан буён таҳлиллар асосида Қатарга қарши ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Танланган таркиб ҳам ишончни оқлади. Бу ҳисобда ўз ифодасини топди», дея мураббийнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Шунингдек, мураббий терма жамоа кетма-кет йирик ғалабалардан кейин юзага келадиган босимни қандай енгиб ўтмоқчи экани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Албатта, бугунги йирик ғалабадан ҳаволаниб кетмасликка ҳаракат қиламиз. Болаларни бунга тайёрлаймиз. Таиландга қарши кейинги ўйинни ҳам жиддий қабул қиламиз. Ҳар бир ўйинга режа бўйича тайёрланамиз. Гуруҳдан чиқиш вазифасини муддатидан илгари бажарган бўлсакда, бўшашмаслигимиз керак. Футболчилар бўшашига йўл қўймаслигимиз керак.

Ҳали плей-оффда қайси жамоа рақиб бўлишини билмаймиз. Шунинг учун, олдиндаги ўйинга ҳам жиддий тайёрланамиз», деган Равшан Ҳайдаров.

Маълумот учун, Қатарга қарши ўйиндаги ғалаба Равшан Ҳайдаров шогирдларига Осиё ўйинларида биринчилардан бўлиб муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини тақдим қилди. Кейинги учрашувни Ўзбекистон вакиллари 19 август куни Таиланд терма жамоасига қарши ўтказишади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид