Light | 16:46 / 17.08.2018
30988
7 дақиқада ўқилади

Уйингизда бўлиши мумкин бўлган заҳарли буюмлар

Баъзилари шкафнинг орқа бурчагида, бошқалари эса энг кўринарли жойда турибди.

Фото: Fotolia

1. Нафис ҳид пуркагич (освежитель)

Нима учун хавфли?

Бундай махсус пуркагичлар хонадондаги ёқимсиз ҳидлардан халос бўлишда ёрдам беради. Одатда улардан ҳаво яхши айланмайдиган жойлар - ювиниш хонаси ёки ҳожатхонада фойдаланамиз. Бу эса унчалик тўғри эмас. Пуркагичлар таркибида –ҳид узоқ сақланиши ва материалга эгилувчанлик бериш учун кимёвий қўшимча – фталатлар бўлади.

Бу моддалар организмдаги гормонлар даражасига таъсир қилади: эркакларда тестостероннинг пасайишини юзага келтиради ва репродуктив тизим фаолиятининг бузилишига олиб келади.

Пуркагичдан ёпиқ хонада фойдаланганингизда воситанинг бир қисми терига “ўтириб қолади” ва ҳаво билан ичкарига тушади. У билан организмга заҳарли моддалар сингади.

Нима қилиш керак?

Ёқимсиз ҳидга чидаш – яхши усул эмас. Ўз қўлингиз билан табиий компонентлардан пуркагич тайёрлашга ҳаракат қилинг.

100 мл пуркагич учун сизга:

15-20 томчи сиз хуш кўрадиган эфир мойи (бир неча хилини аралаштиришингиз мумкин);

1 чой қошиқ спирт;

пуркагичли идиш;

дистилланган сув.

Идишга мой ва спиртни қўшинг ва эҳтиёткорлик билан айлана ҳаракатлар ёрдамида аралаштиринг. Устига сув қуйинг, пуркагичли қопқоқни маҳкамлаб ёпинг ва чайқатинг. Тайёр!

2. Куяга қарши шарчалар

Нима учун хавфли?

Куя кийимларни еб қўймаслиги учун шкафга махсус шарчалар солиб қўйилади.

Улар таркибида нафақат ҳашорат, балки инсон учун ҳам зарарли бўлган моддалар - нафталин ёки парадихлорбензолкаби фаол моддалар мавжуд.

Канцероген дея тан олинган нафталин ёки парадихлорбензол бош оғриғи, кўнгил айниши, диарея ва теридаги қичишишларга сабаб бўлиши мумкин. Шарчаларнинг яна бир хавфли жиҳати – болалар уларни конфет деб ўйлаб, еб кўришлари мумкин.

Нима қилиш керак?

Яқин ойлар давомида кийишни режалаштирмаётган кийимларингизни герметик ғилофга солинг.

Шкафни доимий равишда тартибга келтиринг: барча бурчакларини чангютгич билан тозаланг, чанг, соч толаларини олиб ташланг.

Фото: Unsplash

3. ДСПдан ишланган мебель

Нима учун хавфли?

Сифатсиз материаллардан тайёрланган арзон мебель таркибида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган канцероген – формальдегид бўлиши мумкин. Бундай моддаларга ўта таъсирчан одамларда кўзлар, бурун ёки томоқнинг ачишиши, кўнгил айниши ва терида қичишиш кузатилиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Ишлаб чиқарувчи мамлакат сифат стандартини ўрганинг ва унинг сертификатлари билан танишинг. Ташқи кўриниш ва ҳидига эътибор беринг: янги диван ёки столнинг бурунни ачиштирадиган кескин ҳиди – бефарқ бўлмасликни талаб этадиган белги.

4. Касса чеклари

Нима учун хавфли?

Ҳар бир хариддан сўнг дўконларда бериладиган чекларнинг кўпчилиги термоқоғозга чиқарилади. Унинг таркибида бисфенол А (BPA) мавжуд.

BPA in Receipts  А — эндокрин тизими, қалқонсимон без ва репродуктив тизимга салбий таъсир кўрсатадиган кимёвий модда.

У тери билан контакт қилиш орқали организмга сингади. Чекни қўлингизга олганингизда эса буни четлаб ўтишнинг имкони йўқ.

Бугун кўплаб мамлакатлар моддани маън этилганлар рўйхатига киритган, ишлаб чиқарувчилар экологлар фикрига қўшилиб, ундан фойдаланишни минимум кўрсаткичга етказишга ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, бисфенол А ҳали ҳам пластик бутилка ва идишлар таркибида учрамоқда.

Нима қилиш керак?

Қоғоз чекларни олманг ва бир ой давомида маҳсулотларга қанча пул сарфланганини билиш учун уларни уйда тўпламанг. Бугун амалга оширилган барча операцияларни смартфон орқали кузатиш мумкин.

Фото: Unsplash

5. Батареялар

Нима учун хавфли?

Ишлатиш учун яроқли янги батарея ва аккумуляторлардан тўғри фойдаланилганида зарар келтирмайди. Гап узоқ муддатли истиқбол ҳақида. Батарея ва аккумуляторлар таркибидаги қўрғошин ва кадмий буйрак, жигар ва одам асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, кадмий канцероген дея тан олинган.

Шкафнинг орқа бурчагида анчадан бери қолиб кетган батарея коррозияга учрайди. Унинг корпуси шикастланади, заҳарли моддалар эса “озодликка чиқади”.

Нима қилиш керак?

Фойдаланилган батарейка ва аккумуляторларни ишдан чиққан заҳоти утилизацияга топширинг. Йиллаб фойдаланмаётган гаджетлар ичида уларни сақламанг. Яроқсиз батареяларни сизга яқин жойлашган чиқиндиларни йиғиш пунктига топширинг.

6. Қуёшга қарши моддалар

Нима учун хавфли?

Барчаси эмас, таркибида оксибензон бўлганлари. Олимлар модда организмда тўпланиб, эндокрин тизимига салбий таъсир кўрсатишини аниқлашган.

Бундан ташқари, теримиздаги ҳимоя қилувчи крем билан сувга тушиб, оксибензон коралларни ўлдиради, ДНК молекулалари личинка даврида улардаги ўзгаришларни юзага келтириб, зарарлайди. Модданинг энг кўп миқдори сайёҳлар орасида машҳур бўлган жойларда кузатилган.

Нима қилиш керак?

Қуёшга қарши воситалар таркибини диққат билан ўқинг ва таркибида фаол компонентлар сифатида рух оксиди ва титан диоксиди бўлганларни танланг.

Фото: Fotolia

7. Пластик идишлар

Нима учун хавфли?

Пластик идиш таркибида бизга таниш бўлган фталатлар ва бисфенол А бўлиши мумкин. Хавфли моддалар организмга бундай идишларда сақланадиган маҳсулотлар орқали сингиши мумкин. Ишлаб чиқарувчилар бисфенол А дан халос бўлиб, уни бошқа компонентларга алмаштиришмоқда. Бироқ олимлар янги моддаларнинг зарари ҳам кам эмас, дея хавфсирамоқдалар.

Нима қилиш керак?

Америка педиатрия академияси 03, 06 ва 07 маркировкали пластик идиш ва ўрамларни “четлаб ўтишни” тавсия қилишмоқда.

Уларни қисман шиша ва металл идишларга алмаштириш мумкин. Масалан, таом учун контейнерлар, тахтакач, ошхона белкураклари.

Афсуски, бизни жуда кўп заҳарли ва зарарли буюмлар ўраб турибди. Уларнинг таъсири ҳозир сезилмаса-да, келажакда саломатлигимизга салбий оқибатлар келтириши мумкин. Қаттиқ хавотирга тушиш керак эмас, бари бизнинг қўлимизда. Агар баъзи зарарли моддалардан ўзимизни ҳимоя қилиш имконияти мавжуд бўлса, ундан унумли фойдаланиш зарур.

Мавзуга оид