Ўзбекистон | 11:06 / 25.08.2018
8217
4 дақиқада ўқилади

Фармацевтика соҳасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Фото: Depositphotos

Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги 2018–2022 йилларда Ўзбекистон фармацевтика соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқди, деб ёзмоқда Norma.
 
Президентнинг «2018–2022 йилларда Ўзбекистон фармацевтика соҳасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистонда қуйидагилар тиббий амалиётда қўлланишига рухсат берилган:

• хорижда ишлаб чиқарилган 6 218 та дори воситаларининг савдо номлари;
• ўзимизда ишлаб чиқарилган 2 462 та дори воситаларининг савдо номлари;
• 1 586 та номдаги, ш.ж. ўзимизда ишлаб чиқарилган 228 та номдаги тиббиёт буюмлари.
 
Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардир:

• аҳоли ва соғлиқни сақлаш тизими муассасаларининг АДВРга киритилган маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини ошириш;
• корхона ва ташкилотлар дори воситаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга доир халқаро талабларга уйғунлаштирилган стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш орқали маҳаллий фармацевтика соҳасини ривожлантириш;
• GCP ва GLP халқаро стандартларига мувофиқ клиникаолди ва клиник тадқиқотлар ўтказувчи давлат марказлари, шунингдек лабораторияларни ташкил этиш;
• ички бозорни инсофсиз рақобатдан ҳимоя қилиш ҳамда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг бозорга чиқиш шароитларини тенглаштириш;
• фармацевтика соҳасини технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш;
• импорт ўрнини босувчи дори воситаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилишини рағбатлантириш;
• халқаро фармакопеялар билан уйғунлаштирилган Ўзбекистон Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
• фармацевтика маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш учун мутахассисларни тайёрлаш.

Концепция лойиҳасида маҳаллий фармацевтикани ривожлантириш фаолиятининг 5 та асосий йўналиши ажратиб кўрсатилган.

Республикада 152 та фармацевтика корхонаси дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаради.
 
Ўзбекистон ҳудудий-географик жойлашуви хусусиятига кўра қуйидагиларни ишлаб чиқариш учун истиқболли база ҳисобланади:

• ўсимлик хом ашёсидан субстанциялар ва тайёр дори препаратлари;
• ноорганик ва минерал хом ашёдан субстанциялар ва дори воситалари;
• радиофармпрепаратлар;
• тиббиёт буюмлари.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Асосий дори воситалари рўйхатига (АДВР) кирувчи дори воситалари истеъмоли ҳажмининг 27%ини таъминламоқдалар.
 
Инъекция ва инфузион шаклдаги талабгир препаратларнинг айрим турлари бўйича 80%дан ортиқ импорт ўрнини босишга эришилган. 
 
Концепция самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар ҳам режалаштирилмоқда:

• ижроия ҳокимияти органлари, Бош прокуратура, Олий Мажлис ва жамоатчилик, Фармацевтика саноати корхоналари уюшмаси вакилларидан ташкил топган Концепция амалга оширилишини мониторинг қилувчи Президент ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгашни ташкил этиш;
• Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига Концепцияни амалга ошириш амалий дастаги сифатида 2022 йилгача Фармацевтика соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш вазифасини топшириш, унинг доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг батафсил баёни, шу жумладан амалга ошириш муддатлари, самарадорлик индикаторлари ва уларнинг кўрсаткичлари, молиявий-иқтисодий асосланма, молиялаштириш манбалари, асосий ижрочилар ва ёрдамчи ижрочилар, зарур қонунчилик ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати назарда тутилган бўлиши лозим. 

Мавзуга оид