Халқимизда «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади», деган пурҳикмат нақл бор. Албатта, буни кимдир теран ҳис қилиб, тан олса, бошқа биров эса, беписандлик билан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан ўзини тиёлмайди.
Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида яшовчи Инобат Алматова ҳам кетма-кет содир этган жиноятлари нақ 21 йилдан сўнг фош этилганида юқоридаги нақлнинг нақадар топиб айтилганига ишонч ҳосил қилди.
1996 йилнинг 3 январь куни эди. Инобат Алматова пойтахтимизнинг Миробод тумани Қўйлиқ ота кўчаси 30-уйга бориб, хонадон соҳибаси Г. Сафарова билан учрашди.
— Исмим Гули, ўзим Ғиждувонданман, — дея танишишни ёлғондан бошлади у. — Қўйлиқ ва Миробод бозорларига сотиш учун гуруч олиб келганман. Гуручни сотиб бўлгунимча уйингизда ижарада турсам, дегандим. Илтимос, йўқ деманг.
Дарҳақиқат, ўшанда қиш фасли бўлгани боис ҳаво жуда совуқ эди.
Бинобарин, унга раҳми келиб, Г.Сафарова уйида «Гули»нинг яшаб туришига розилик берди. Натижада у ана шу манзилда яшай бошлади.
Лекин унинг асл мақсади бошқа эди. Яъни, у пайт пойлаб, бу уйдан бирор-бир нимани ўмариб кетишни кўзлар эди.
Охир-оқибат шундай ҳам бўлди. Орадан икки кун ўтгач, И. Алматова хонадон эгалари уйда йўқлигидан фойдаланиб, бир жуфт, баҳоси 5.000 АҚШ долларига тенг бўлган бриллиант кўзли тилла зирак, нархи 30.000 АҚШ долларилик 6 карат бриллиантли аёллар узуклари ва пул, кийим-кечак ҳамда бошқа тақинчоқлардан иборат жами 321 031 100 сўмлик мулкни ўғирлаб кетади.
Бироқ Инобат ўзининг энг қабиҳ режаларини шундан сўнг амалга оширади.
Аввалига у турмуш ўртоғи Т.Мисировнинг жияни С. Сатторов ва терговда шахси аниқланмаган «Гули» исмли аёл билан ёлғиз яшовчи кексаларни гумдон қилиб, уларнинг мол-мулкини эгаллаш режасини тузади. Сўнг учовлон 1996 йил 16 апрель куни Миробод тумани Электротехника 1-тор кўчаси, 12-уйга келишади.
— Тошкентга зарур иш билан келгандик, қолишга жойимиз йўқ. Ишимиз битгунча уйингиздан жой берсангиз, ҳақини тўлаймиз, — деб рус тилида мурожаат қилди И.Алматова шу уйда яшовчи 75 ёшли Мария Шишкинага.
Албатта, ижара эвазига бўлгани учун М.Шишкина унинг сўзларига шубҳа қилмай, ҳамроҳлари билан бирга уйига киритди. Бироқ ўша дамда аёл бу шахсларнинг асл мақсадини, аниқроғи, шу шахслар ўзининг умрига зомин бўлишини қаёқдан биларди, дейсиз?

















