Ўзбекистон | 17:59 / 26.08.2018
4307
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини йўлга қўйишга доир семинар бўлиб ўтди

26 август куни Тошкентда Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизими (АТБТ) ва уни Ўзбекистонда татбиқ этиш зарурати мавзусидаги семинар бўлиб ўтди. KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, тадбир Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган. Тадбирда Олий Мажлис Сенати вакиллари, Қонунчилик палатаси, вазирликлар ва идоралар, шунингдек нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди. 

Фото: ЎзА

Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизими ва уни Ўзбекистонда татбиқ этиш заруратига доир семинарни ўтказишдан мақсад - давлат экология экспертизаси соҳасидаги миллий қонунчиликни Эспо Конвенцияси қоидалари ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга оид таклифларни тайёрлашда кўмаклашиш.

Семинарда дастлаб Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг атроф-муҳит масалалари бўйича минтақавий маслаҳатчиси Сараанго Раднаарагчаа ҳамда МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Шаҳноза Умаровалар сўзга чиқишди. 

Тадбирнинг асосий модераторлари сифатида эса ҳуқуқий масалалар бўйича халқаро эксперт Ержи Ендрошка ва ҳуқуқий масалалар бўйича халқаро маслаҳатчи Андрей Андрусевич иштирок этди. 

Семинарнинг биринчи қисмида АТБТ концепцияси, Эспо Конвенцияси ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги Конвенция муҳокама этилди. Лойиҳавий фаолиятни амалга оширишга рухсат олиш тизимида АТБТ ва давлат органларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро экспертлар Конвенция қоидалари ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш миллий тизими масаласини кўриб чиқишнинг мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этишди. 

Тадбирнинг иккинчи қисми АТБТ жараёнларига тааллуқли фаолият турлари, трансчегаравий жараёнлар ҳамда бу жараёнларда давлат органларининг ролини муҳокама қилишга бағишланди. 

Семинар сўнгида муҳокамаларга якун ясалиб, Ўзбекистонда замонавий АТБТни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тадбирларни ўтказишга доир кейинги қадамлар белгилаб олинди. 

Мавзуга оид