Жамият | 19:02 / 27.08.2018
8802
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар “Yasin” телевизори қутиларига яширилган “LG” телевизорларини фош этишди 

Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Ю.Х. божхона тўловларидан қочишнинг антиқа усулини ўйлаб топди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz’га.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Пост орқали ҳаракатланаётган айрим жисмоний шахсларнинг ҳали ном қозониб улгурмаган, шу сабаб бошқаларига нисбатан бироз арзон ҳисобланадиган, бир хил русумдаги телевизорларни олиб ўтишаётгани пост ходимларини шубҳалантириб қўйди.

Шундан сўнг, телевизорларни кўздан кечириш мақсадида қутисидан очиб кўрилганида, бутунлай бошқа манзара намоён бўлди. Қаранг-ки, бошқа савдо белгиси туширилган қутиларда таниқли брендлар остидаги бутунлай бошқа русум ва ўлчамдаги қимматбаҳо телевизорлар яширилган экан.

Амалдаги тартибларга кўра қўшни давлатдан пиёда равишда кириб келаётган жисмоний шахслар 300 АҚШ долларигача бўлган қийматдаги товарларни божсиз олиб киришларига рухсат этилган. Аммо, ушбу ҳолатда эса ҳар бир телевизорнинг нархи 3 млн. сўмни ташкил қилганини инобатга олсак, бу белгиланган нормадан ортиқча эканлиги маълум бўлади.

Суриштирувлар давомида, шу зайлда олиб ўтишга уринилган 4 дона телевизорларнинг барчаси фуқаро Ю.Х.га тегишли бўлиб чиқди. У телевизорларни пост орқали олиб ўтишга уринган шахсларни аслида ушбу товарларни маълум бир ҳақ эвазига ташиб бериш учун ёллаган экан.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, белгиланган меъёрлар доирасида қўшни давлатлардан маиший техника буюмлари, жумладан телевизорларни божхона тўловларини тўламай, 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтишга рухсат этилади.
 

Мавзуга оид